Хитойда мия-компьютер интерфейслари соҳасида улкан сакраш амалга оширилди

Хитойлик олимлар нейроинтерфейслар технологиясини янги босқичга олиб чиқувчи инқилобий тизимни тақдим этишди. Дунёда илк бор бир вақтнинг ўзида турли ҳудудларда бўлган минглаб инсонларнинг электроэнцефалограмма (ЭEГ) маълумотларини синхрон равишда йиғиш имконияти яратилди. Ушбу кашфиёт сунъий интеллект моделларини инсон мияси сигналлари асосида ўқитишда янги даврни бошлаб бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ККТВ телеканали хабарига кўра, ушбу янги технология мия ва компьютер ўртасидаги алоқани тадқиқ қилиш ҳамда нейротизимларни такомиллаштириш учун махсус ишлаб чиқилган. Шу пайтга қадар бундай тажрибалар чекланган миқёсда, яни фақат бир неча ўнлаб кўнгиллилар иштирокида ўтказиб келинар эди. Эндиликда минглаб иштирокчиларнинг маълумотларини бир вақтнинг ўзида ёзиб олиш имконияти пайдо бўлди.
Технологик тўсиқлар қандай бартараф этилди?
Лойиҳа муҳандислари ушбу натижага эришиш учун иккита ўта мураккаб масалани ҳал қилишларига тўғри келди. Биринчидан, ЭEГ сигналларини қайд этувчи ускуналар ҳажми сезиларли даражада кичрайтирилди, бироқ бу ўлчов аниқлигига салбий таъсир кўрсатмади. Бу қурилмаларни кундалик ҳаётда фойдаланиш учун қулайроқ ҳолга келтирди.Иккинчи ва энг муҳим муаммо — бу маълумотларни синхронлаштириш эди. Иштирокчилар турли шаҳар ва ҳудудларда бўлгани сабабли, тармоқдаги кечикишларга қарамай, барча қурилмаларнинг миллисекундгача бўлган аниқликда бир хил вақтда ишлаши таъминланди. Бу сунъий интеллект учун ўта аниқ ва сифатли маълумотлар базасини яратишга хизмат қилади.
Нейротизимлар келажаги учун янги манба
Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда нейроинтерфейслар соҳасидаги асосий муаммо — бу сифатли ЭEГ маълумотларининг етишмаслигидир. Агар ChatGPT каби универсал AI моделларини ўқитиш учун матн, тасвир ва видеолар гигант ҳажмларда тўпланган бўлса, инсон миясининг электр фаоллиги ҳақидаги ёзувлар жуда кам ва тарқоқ ҳолатда эди.Янги тизим биргина сеанс давомида минглаб соатлик синхрон ЭEГ ёзувларини тўплаш имконини беради. Бу эса сунъий интеллект алгоритмларини ўқитиш учун улкан маълумотлар тўпламини (датасет) яратиш жараёнини бир неча баробар тезлаштиради. Натижада, келажакда фақат матн ёки тасвир билан чекланиб қолмай, инсон мияси сигналларини бевосита таҳлил қила оладиган янги авлод нейротизимлари пайдо бўлади.
Истиқболда ушбу технология инсоннинг когнитив ҳолатини яхшироқ тушунадиган ва у билан деярли бевосита мулоқот қила оладиган тизимларни яратишга йўл очади. Бу нафақат тиббиётда, балки инсон ва техника ўртасидаги ўзаро алоқанинг барча соҳаларида инқилоб ясаши мумкин.






























Изоҳлар 0
…