YouTube контент яратувчилар учун даромад шартларини кескин ўзгартирди

YouTube янги муаллифлар учун монетизация талабларини ошириб, YouTube Партнер Програмга қўшилиш учун сўнгги бир йил ичида 8 минг соат томоша вақти ёки охирги 90 кун ичида Шорц видеоларида 20 миллион кўриш талабини белгилади. Янги қоидалар жорий йилнинг 1-февралидан кучга киради ва амалдаги YouTube Партнер Програм аъзоларига таъсир қилмайди.
Google компаниясига қарашли YouTube платформаси янги муаллифлар учун монетизация шартлари сезиларли даражада қатъийлашишини эълон қилди. Ушбу ўзгаришлар платформада илк бор даромад топишни ният қилган ижодкорлардан икки баравар кўп вақт ва фаоллик талаб этишини англатади ва рақамли ижод оламида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, янги қоидаларга мувофиқ, YouTube Партнер Програмга қўшилиб, реклама ва обуналардан пул ишлай бошлаш учун ижодкорлар сўнгги бир йил давомида камида 8 минг соатлик томоша вақтини тўплаши ёки охирги 90 кун ичида Шортс видеолари орқали 20 миллион марта кўриш кўрсаткичига эришиши шарт бўлади. Эслатиб ўтамиз, амалдаги талаблар 4 минг соатлик томоша вақти ва 10 миллион Шортс кўришини ўз ичига олган эди.
Мазкур янгиликлар жорий йилнинг 1-февралидан бошлаб кучга кириши белгиланган. Бироқ компания вакилларининг таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар аллақачон YouTube Партнер Програм аъзоси бўлиб улгурган амалдаги муаллифларга таъсир кўрсатмайди. Уларнинг даромад олиш шартлари ўзгармича қолади.
Шортс муаллифлари учун янги талаблар
Шунингдек, YouTube Шортс Креаторс Поол орқали даромад олишни давом эттириш учун ҳам муаллифлар ҳар 90 кунлик даврда 10 миллионлик кўриш чегарасини сақлаб туриши зарурлигини маълум қилди. Агар канал бу кўрсаткичдан пастга тушиб кетса, у ҳамкорлик дастурида қолади ва узун форматдаги видеолардан даромад олишни давом эттиради, бироқ Шортс даромадлари фақат кўрсаткичлар қайта тиклангандагина тикланади.Компаниянинг расмий баёнотида айтилишича, бундай чекловлар YouTube платформасининг жадал ўсиш суръатларига мослашиш мақсадида жорий этилмоқда. Бугунги кунда платформада кунига 200 миллиарддан ортиқ Шортс кўришлари қайд этилади ва телевизор экранларида бир миллиард соатдан зиёд контент томоша қилинади.
Бозор контексти ва бошқа платформалар
Янги қоидалар янги муаллифлар учун YouTube монетизация дастурига кириш ва унда қолишни қийинлаштиради. Бу эса ўз навбатида ёш ижодкорларга катта аудиторияни доимий равишда жалб этиш борасида қўшимча босим ўтказиб, янги иштирокчиларнинг тез даромад кўриш имкониятини чеклаши мумкин.Шу билан бирга, YouTube ўзининг янада ҳамёнбоп бўлган Премиум Lite обуна хизматини YouTube Премиум мавжуд бўлган барча мамлакатларга кенгайтираётганини эълон қилди. Ушбу обунадан тушадиган даромаднинг 55 фоизи узун форматли видео муаллифларига, 45 фоизи эса Шортс ижодкорларига тақсимланади.
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқлар бозори ва рақамли платформалар ўзларининг рағбатлантириш дастурларини фаол равишда қайта кўриб чиқмоқда. Масалан, Elon Musk раҳбарлигидаги Х (собиқ Twitter) платформаси ҳам муаллифлар мукофотларини янгилаб, фақат оригинал контентни тақдирлашга ўтган бўлса, Facebook ҳам TikTok ва YouTube муаллифларини ўзига жалб этиш учун янги дастурларни ишга туширган эди.






























Изоҳлар 0
…