Tesla болалар учун янги мувозанат велосипеди тақдим этди

Tesla компанияси кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган Balance Bike for Kids номли янги мувозанат велосипеди — беговелни тақдим этди. Янги маҳсулот аллақачон компаниянинг Tesla Shop онлайн дўконида сотувга чиқарилди. Бу ҳақда Habr нашри хабар берди.
Беговел — педал ва занжирли узатма тизимига эга бўлмаган велосипед бўлиб, бола уни оёқлари билан ердан туртиб ҳаракатлантиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай транспорт воситаси болаларда мувозанатни сақлаш ва ҳаракатни бошқариш кўникмаларини шакллантириб, кейинчалик оддий велосипедни осонроқ ўзлаштиришга ёрдам беради.
Tesla’нинг янги модели енгил магний қотишмасидан тайёрланган рамка, беш поғонада созланадиган ўриндиқ, ён қисмидаги Tesla ёзуви ҳамда олд томонида жойлашган машҳур “T” логотипи билан жиҳозланган.
Компания маълумотига кўра, беговел 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган. Ундан фойдаланиш учун боланинг оёқ узунлиги камида 35 сантиметр, вазни эса 35 килограммдан ошмаслиги тавсия этилади. Велосипедни йиғиш учун зарур бўлган барча асбоблар ҳам тўплам ичига киритилган.
Янги Balance Bike for Kids модели 225 АҚШ доллари нархда сотувга чиқарилган.






























Изоҳлар 0
…