Uber автоном етказиб бериш билан шуғулланувчи Серве Роботикс компаниясидаги улушини тўлиқ сотиб юборди

Uber автоном етказиб бериш роботларини ишлаб чиқарувчи Серве Роботикс компаниясидаги бутун улушини сотиб юборди. Uber 2025-йил давомида улушини босқичма-босқич қисқартирган, якуний сотув эса Серве Роботикс учун кутилмаган бўлган.
Uber технология компанияси ўзининг автоном етказиб бериш роботларини ишлаб чиқарувчи Серве Роботикс компаниясидаги бутун улушини сотиб юборди. Bloomberg нашри эътибор қаратган расмий молиявий ҳужжатларга асосланиб ixbt.com хабар қилишича, ушбу қадам томонлар ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликка нуқта қўйиши ва бизнес ёндашувларидаги фарқлар кучайганидан далолат бериши мумкин. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Маълумотларга кўра, Uber'нинг Серве Роботикс компаниясидан чиқиб кетиш жараёни бир йилдан бери давом этиб келаётган эди. Регулятор ҳужжатлари 2025-йил давомида ушбу йирик такси ва етказиб бериш хизмати ўз улушини босқичма-босқич қисқартириб борганини кўрсатади. Шунга қарамай, сўнгги якуний сотув робототехника стартапи учун кутилмаган ҳолат бўлди ва бу ҳақда улар фақат расмий ошкор этилгандагина хабар топган.
Ҳамкорлик тарихидан тортиб йўлларнинг айро тушишигача
Серве Роботикс ўз вақтида Постматес шўъба корхонаси бўлган Постматес Х базасида ташкил этилган эди. Uber 2020-йилда Постматесни 2,65 миллиард долларга сотиб олгач, орадан бир йил ўтиб ушбу робототехника бўлинмаси алоҳида мустақил компания сифатида ажралиб чиққан. Дастлабки босқичда Uber нафақат ушбу стартапни қўллаб-қувватлади, балки 2022-йилда унинг йўлакларда ҳаракатланувчи етказиб бериш роботлари бўйича стратегик шартнома ҳам имзолади.Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириб, 2023-йилнинг май ойида АҚШнинг бир нечта бозорларида Uber иловаси орқали 2000 тагача Серве роботларини ишга туширишни режалаштирган эди. Бироқ вақт ўтиши билан иккала компания бизнес юритиш ва ривожланиш стратегиясида бир-биридан узоқлаша бошлади.
Молиявий кўрсаткичлар ва келишмовчиликлар
Серве Роботикс асосчиси ва бош директори Али Кашани компаниянинг иккинчи чорак якунларига бағишланган йиғилишида бу борадаги тафсилотларни ошкор қилди. Унинг сўзларига кўра, 2022-йилнинг биринчи чорагидан бошлаб жорий йилнинг бошигача Uber орқали амалга оширилган етказиб бериш ҳажми кетма-кет 17 чорак давомида ўсиб борган. Бироқ иккинчи чоракда роботлардан фойдаланиш даражаси кутилганидан паст бўлгани сабабли ушбу ижобий тенденция илк бор ортга кетди.Кашани икки компания ўртасида умумий автоном паркни кенгайтириш, жумладан, флотни мувофиқлаштириш ва савдогарларни интеграция қилиш каби операцион моделларда турлича қарашлар мавжудлигини таъкидлади. Шу билан бирга, бошқа озиқ-овқат етказиб бериш ҳамкори билан ишлаш ҳажми бир чоракнинг ўзида деярли 50 фоизга ўсгани қайд этилди.
Мазкур келишмовчиликлар ва бизнес йўналишларидаги тафовутлар фонида Серве Роботикс 2027-йил бошида амал қилиш муддати тугайдиган Uber билан ҳамкорлик шартномасини узайтиришни режалаштирмаяпти. Uber эса ҳозирча мазкур вазият юзасидан ўз расмий изоҳини тақдим этгани йўқ.






























Изоҳлар 0
…