15:23 / 30.12.2022
948

Компьютерда узоқ ўтириб ишлаш натижасида бел оғриса нима қилиш керак?

Компьютерда узоқ ўтириб ишлаш натижасида бел оғриса нима қилиш керак?
Фото: The Voice Mag
Ўтириб ишлаш зарарли — бу ҳақиқат. Агар ушбу позицияда, компьютер қаршисида бир неча соат сарфлашга мажбур бўлсангиз, ўзингизга қандай ёрдам беришни билиб олинг, деб ёзади The Voice Mag.

Ўтириб ишлаш ҳолати инсон учун табиий эмас. Стол ва стуллар пайдо бўлишидан олдин одамлар туриши, ётиши ёки ўта оғир ҳолатларда тиз чўкиши керак эди. Кейинчалик қулайликлар яратилишига қарамай, фаол бўлмаган турмуш тарзи саломатликка салбий таъсир кўрсатди.

Бел оғримаслиги учун иш жойини тўғри ташкил қилиш ва энг муҳими, ўтириш пайтида физиологик ҳолатни ўзлаштириш лозим. Оёқлар ерга тўлиқ тегиб туриши жуда ҳам муҳим. Тиззалар 90 градуслик бурчак остида бўлиши керак: худди шу тавсия тирсаклар учун ҳам қўлланилади.

Монитор ёки гаджетлар кўз баландлиги даражасида бўлиши керак. Шунда эгилиб ишлашга ҳожат қолмайди. Танани тўғри тутиш, бўйин ва елкани эгмаслик лозим. Аввалига бу жуда қийин бўлиб туйилиши мумкин, лекин аста-секин мушаклар бу ҳолатга ўрганиб қолади ва ҳеч қандай ноқулайлик сезилмайди.

Шунингдек, ёруғликни ҳам тўғри созлаш лозим. Иш столи учун оптимал жой дераза ёнида, лекин унга параллел эмас, акс ҳолда экранга ёруғлик тушиб, кўриш қобилиятига қўшимча зарар келтиради.

Тана ҳолатини тез-тез ўзгартириш

Кўпгина ходимлар кераксиз ҳаракатлардан ўзини тияди, чунки бу ҳамкасбларнинг ишидан чалғитади. Аммо бел саломатлиги учун кўп нарса керак эмас. Вақти-вақти билан туриб, оз масофага бўлса-да ҳаракатланиш лозим. Тушлик танаффусида сайр қилиш, агар об-ҳаво яхши бўлса, ташқарига чиқиш тавсия этилади.

Тананинг ҳолатини мунтазам равишда ўзгартириш саломатликка фойдали таъсир кўрсатади. Ходимларнинг соғлиғи ҳақида қайғурадиган баъзи компаниялар офисларда уларнинг баландлигини созлаш имконини берувчи стол ва стулларни ўрнатади.

Жисмоний машғулотни ташкил қилиш

Ҳар соатда туриш ва камида 5, ундан ҳам яхшироқ 10 дақиқа давомида озгина машқ қилиш тавсия этилади. Машқ қилишни унутмаслик учун телефонга эслатма ўрнатиш керак. Бунинг ёрдамида кунига тахминан 1,5 соатни соғлиқ ва бел оғриғининг олдини олишга бағишланади.

Агар ҳамкасблар орасида соғлом турмуш тарзи тарафдорлари кўп бўлса, уларни биргаликда машқ қилишга таклиф қилиш мумкин. Ушбу амалиёт нафақат бел оғриғини енгиллаштиради, балки тетиклашишга ҳам ёрдам беради. Бу сиз ва сиз билан битта офисда ишлайдиган компания ходимлари учун ўзига хос маросимга айлансин.

Жисмоний фаолликка мунтазам риоя қилиш

Ҳафтада 3-4 марта тренер билан махсус дастур бўйича спорт залига бориш ҳақида ўйлаган бўлсангиз керак. Лекин бу керак эмас, айниқса, ҳамма ҳам пул ва вақтга эга бўлмайди. Эрталаб камида 10-15 дақиқалик гимнастика, ишдан кейин 30-40 дақиқа юриш ва фаол дам олиш кунлари саломатлик учун кифоя.

Тунда дам олиш вақтида организм ўзини тиклайди. Кунига камида 7 соат ухлашга ҳаракат қилиш ва тонгни камида енгил жисмоний машқлар ва гимнастика билан бошлашга одатланиш лозим.

Оғриқ давом этса, мутахассисга мурожаат қилиш лозим

Афсуски, юқоридаги усулларнинг барчаси фақат оғриқнинг олдини олади, аммо ноқулайлик сабаби жиддий касалликда бўлса, унда мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Бундай ҳолатда шифокор билан маслаҳатлашиб, ташхис қўйиш ва касалликни аниқлаб олиш керак. Шифокор белни даволашга ёрдам берадиган даволаш чораларини буюради.

Кўпинча оғриқнинг сабаби чурра, остеохондроз, одамнинг ўзи шубҳа қилмайдиган яширин шикастланиш бўлиши мумкин. Муаммо фақат махсус диагностика ускуналари ёрдамида аниқланади.

Агар белдаги оғриқ сабаби фақат ҳаракатсиз турмуш тарзида бўлса, жараённи аниқлайдиган, жисмоний машқлар терапиясининг индивидуал комплексини тузадиган ва терапия тайинлайдиган мутахассис билан боғланиш мумкин.

Бел оғриғи нохуш ва хавфли аломат бўлиб, уни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Иш жойини тўғри ташкил қилиш, организм ҳолатини мунтазам равишда ўзгартириш, жисмоний фаолият ҳақида унутмаслик лозим. Ҳатто энг оддий профилактика чоралари ҳам фойдали бўлиб, жиддий соғлиқ муаммоларидан қочишга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Компьютерда узоқ ўтириб ишлаш натижасида бел оғриса нима қилиш керак?