15 йил ишлаган тиббиёт ходимлари уй-жой субсидиясидан фойдаланиши мумкин

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил меҳнат қилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида янги субсидия тартиби жорий этилди.
Бу ҳукуматнинг 2026 йил 12 июндаги 310-сон қарори билан тасдиқланди. Унга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг бошланғич бадалининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълум қилди.
Янги тартибга мувофиқ, фуқаролар рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидаги бирламчи уй-жой бозоридан субсидия дастури доирасида ипотека кредити асосида хонадон харид қилиши мумкин.
Субсидия олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали қабул қилинади.
Номзодларни баҳолаш жараёнида уларнинг айни пайтда давлат тиббиёт муассасасида фаолият юритаётгани ҳамда ушбу тизимда камида 15 йиллик меҳнат стажига эга экани тасдиқланиши лозим.
Қарорга кўра, субсидия ҳар бир оилага фақат бир марта, яъни эр ёки хотиндан фақат биттасига ажратилади. Ғолиблар ҳар чорак учун белгиланган квота доирасида барча мезонларга жавоб берган номзодлар орасидан онлайн тарзда тасодифий танлаш усули орқали аниқланади.
Ҳар чоракда 125 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходими ушбу субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Субсидия ажратилгани тўғрисидаги хабарномани олган ғолиб ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун қурилиш (пудрат) ташкилоти билан дастлабки шартнома тузиши керак бўлади.






























Изоҳлар 0
…