Ўсмирларда руҳий зўриқиш билан дарс тайёрлаш ўртасида боғлиқлик аниқланди

Ўсмирларда руҳий зўриқиш билан дарс тайёрлаш ўртасида боғлиқлик аниқланди

Тадқиқотга кўра, уй вазифасини бажариш ва бошқа фаол машғулотлар билан боғлиқ узоқ вақт ўтириш ўсмирларнинг руҳий ҳолати билан телевизор томоша қилиш каби пассив машғулотларга қараганда кучлироқ боғлиқлик кўрсатган. Бироқ бу дарс тайёрлаш телефон ишлатишдан кўра кўпроқ стресс келтириб чиқаришини ёки руҳий муаммоларга бевосита сабаб бўлишини англатмайди.

Олимлар минглаб ўсмирларнинг маълумотларини ўрганди

Пекин педагогика университети тадқиқотчилари Буюк Британияда ўтказилган Millenium когорт тадқиқоти доирасидаги 8 753 нафар ўсмирнинг маълумотларини таҳлил қилди. Тадқиқот натижалари 2026 йил 15 октябрь куни Scientific Reports илмий журналида эълон қилинди.

Олимлар иштирокчиларнинг 14 ёшидаги жисмоний фаоллиги ва ўтириб ўтказадиган вақтини ўрганди. Уч йил ўтгач, яъни улар 17 ёшга етганида, руҳий зўриқиш даражаси баҳоланди.

Тадқиқотчилар жисмоний фаоллик ва ўтириб ўтказиладиган вақт нисбатини ҳисоблаш учун PASTBI деб номланган кўрсаткични ишлаб чиқди. Бу орқали жисмоний фаолликнинг руҳий саломатлик билан қандай боғлиқлигини, шунингдек, натижалар тана вазнига қараб фарқ қилиш-қилмаслигини текширишди.

Уй вазифасини бажариш ва телевизор томоша қилиш ўртасида фарқ бор

Таҳлил натижаларига кўра, уй вазифасини бажариш каби фаол ақлий машғулотлар билан боғлиқ ўтириш вақти руҳий зўриқиш билан телевизор томоша қилиш каби пассив машғулотларга қараганда кучлироқ боғлиқлик кўрсатган.

Муаллифлар ҳисоб-китобида бу икки боғлиқлик кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ қарийб 11 бараварни ташкил этган. Бироқ бу рақам дарс тайёрлаш стрессни 11 баравар оширади, дегани эмас. У статистик боғлиқлик кўрсаткичларининг ўзаро нисбатини ифодалайди.

Тадқиқот ўқишнинг ўзи зарарли эканини ҳам исботламайди. Имтиҳонлар, юқори баҳо олишга интилиш, ота-оналар кутган натижалар ва дам олишга етарли вақт ажратолмаслик каби омиллар ўсмирлар руҳий ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Аммо ушбу тадқиқот уларнинг ҳар бирини алоҳида текширмаган.

Жисмоний фаолликнинг таъсири ҳам бир хил эмас

Тадқиқотда меъёрий вазнга эга ўсмирлар орасида жисмоний фаоллик ва руҳий зўриқиш ўртасида тескари боғлиқлик кузатилган. Яъни жисмоний фаоллик даражаси юқорироқ бўлганларда руҳий зўриқиш кўрсаткичлари пастроқ бўлиши мумкинлиги аниқланган.

Ортиқча вазн ёки семизлик кузатилган ўсмирларда эса бу боғлиқлик оддий чизиқли шаклда намоён бўлмаган. Қўшимча таҳлиллар жисмоний фаолликнинг руҳий ҳолат билан мураккаброқ муносабати бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Бироқ бу натижа дастлабки таҳлилларга асосланган ва эҳтиёткорлик билан талқин қилиниши керак.

Тадқиқот муаллифлари жисмоний фаоллик ва ўтириш вақтининг нисбатини яхшилаш руҳий саломатликка ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлайди. Бироқ бунинг таъсирини аниқ баҳолаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.

Умуман олганда, натижалар ўсмирлар руҳий саломатлигини фақат экран қаршисида ўтказилган вақт билан изоҳлаб бўлмаслигини кўрсатади. Жисмоний фаоллик, кундалик машғулотлар ва дам олиш учун ажратилган вақт ҳам муҳим бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар