Кўз остидаги майда оқ доначалар нима сабабдан пайдо бўлади? Улардан қандай қутулиш мумкин?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Кўз остида пайдо бўладиган оқиш ва қаттиқ доначалар милия деб аталиб, улар тери остида кератин тўпланиши натижасида ҳосил бўладиган майда кисталардир.
- Бу ҳолат қуёш нури таъсири, тери жароҳатлари, айрим косметик воситалар ёки стероидли кремлар сабабли юзага келиши мумкин.
- Милиялар хавфли эмас ва кўпинча ўз-ўзидан йўқолади, бироқ уларни уй шароитида сиқиш инфексия ва чандиқ қолишига олиб келиши мумкин.
Кўз остида пайдо бўладиган майда, оқиш ва қаттиқ доначалар кўпчиликни безовта қилади. Айримлар уларни ҳуснбузар деб ўйлаб, сиқиб ташлашга уринади. Аслида эса бу доначалар кўпинча милия деб аталадиган, тери остида кератин тўпланиши натижасида ҳосил бўладиган майда кисталардир.
Милиялар одатда 1–2 миллиметр катталикда, оқ ёки сарғиш рангда бўлади. Улар кўпроқ кўз қовоқлари, кўз ости, ёноқ ва пешона атрофида учрайди. Муҳими, милия ҳуснбузар эмас, яллиғланиш билан боғлиқ бўлмаган ва одатда оғриқ келтирмайдиган ҳолат ҳисобланади.
Нега пайдо бўлади?
Тери доимий равишда янгиланиб туради: эски ҳужайралар ажралиб, ўрнига янгилари ҳосил бўлади. Баъзан ўлган тери ҳужайралари тери остида қолиб кетади. Улардаги кератин оқсили тўпланиб, майда оқ кистачаларни ҳосил қилади.
Милия пайдо бўлишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:
қуёш нури таъсирида терининг шикастланиши;
куйиш, тошма ёки бошқа тери жароҳатларидан кейинги тикланиш жараёни;
айрим ёғли ва қуюқ косметик воситалардан фойдаланиш;
стероидли кремларни узоқ вақт қўллаш.
Бироқ милия ҳар доим ҳам нотўғри парвариш ёки гигиена етишмаслигидан келиб чиқмайди. У соғлом терида ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Улардан қандай қутулиш мумкин?
Милиялар одатда хавфли эмас ва айрим ҳолларда ўз-ўзидан йўқолади. Аммо катталарда улар узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда дерматолог махсус стерил асбоблар ёрдамида уларни олиб ташлаши ёки терининг ҳолатига қараб бошқа муолажаларни тавсия қилиши мумкин.
Энг муҳими, оқ доначаларни уй шароитида игна билан тешиб, сиқишга уринманг. Айниқса, кўз атрофи териси жуда нозик бўлгани учун бундай ҳаракат инфекция, яллиғланиш ва чандиқ пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Агар доначалар кўпайиб бораётган, қизараётган, оғриқ ёки қичишиш келтириб чиқараётган бўлса, дерматолог кўригидан ўтиш лозим. Чунки кўз остидаги ҳар қандай оқ донача ҳам милия бўлавермайди.
Шундай экан, улардан қутулишнинг энг тўғри йўли — аввал сабабини аниқлаш ва терига зарар етказмайдиган усулни танлашдир.

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар































Изоҳлар0
…