
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида сенатор Абдураҳим Эркаев мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг бугунги ҳолатига бағишланган чиқиш қилиб, танқидий фикрларни илгари сурди. Эркаев сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилган суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг қамровли ислоҳотларга қарамай, бу соҳада кутилган натижалар бўлмаётганини, аксинча халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли даражада пасайганини алоҳида таъкидлади.
2023 йилда мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатда ҳуқуқ устуворлиги ва одил судлов тизимига жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, адвокатура тизимига бағишланган алоҳида боб ҳам Конституцияга киритилган бўлиб, бу жаҳон амалиётида учрайвермайдиган янгилик эди. Шу билан бирга, кўплаб янги қонунлар қабул қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамланган эди. Аммо бу барча ўзгаришлар кутилган натижаларни бермагани, баъзи соҳаларда вазият аксинча ёмонлашгани кузатилмоқда.
Жаҳон одил судлов лойиҳасининг ҳуқуқ устуворлиги индексига кўра, Ўзбекистон сўнгги бир йил ичида беш поғонага пасайиб, 83-ўринни эгаллади. Янада ташвишли томони шундаки, мазкур индекснинг бир қисми бўлган фуқаролик низоларини ҳал этиш имкониятлари бўйича мамлакатимиз 96-ўриндан 106-ўринга тушиб кетган. Сенатор Абдураҳим Эркаев бу кўрсаткич Ўзбекистонда фуқароларнинг одил судловга эришиши қийинлашганидан, суд тизимига ишонч сусайганидан ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида холислик принципи бузилаётганидан далолат беришини айтди.
“Бу ҳолат мамлакатда одил судловга ишончнинг жиддий равишда пасайганлигини кўрсатади. Кўплаб ҳолатларда судлар томонидан чиқарилган қарорлар ижро қилинмаслиги ёки кечиктирилиши кузатилади. Бундай ҳолатлар аҳоли ўртасида ўтказиладиган сўровларда ҳам ўз аксини топмоқда”, деди сенатор.
Абдураҳим Эркаев халқаро рейтинглардаги бу салбий натижаларнинг сабаблари ҳақида гапирар экан, айрим судьяларнинг малака даражаси пастлиги, коррупция ҳолатлари ва энг хавотирлиси – “телефон ҳуқуқи”, яъни судьяларга юқоридан тушадиган илтимослар ҳануз давом этаётганини таъкидлади.
Сенатор Эркаев бу муаммоларни ҳал қилиш учун суд тизимидаги мавжуд муаммоларни қатъийлик билан ҳал қилиш, ислоҳотларни реал ҳаётда сезиларли даражада амалга ошириш кераклигини урғулади.
“Кейинги йилларда амалга оширган ишларимиз натижаси йўқ бўлиб қолмоқда. Бу – жиддий хавотирга соладиган ҳолат. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ижобий ўзгаришларни таъминлаш учун амалий чоралар кўришимиз шарт”, деди Абдураҳим Эркаев.
Унинг бу чиқиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкин. Сенаторнинг бу кескин танқиди мамлакат суд-ҳуқуқ тизимидаги келгуси ўзгаришларга туртки бўлади деган умиддамиз. Бу соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилиш эса аҳолининг давлат ва одил судлов тизимига бўлган ишончини қайта тиклаш учун жуда муҳим аҳамиятга эга. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар