Ўзбекистонда тунги осойишталикни бузган фуқаролар ва мансабдорлар эндиликда сезиларли миқдорда жарима тўлашлари мумкин. Қонунчилик палатаси “Тунги тинчликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади” деган мазмунда қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, яқин орада республика ҳудудида дам олиш ва иш кунлари учун алоҳида тартибда “тинчлик соатлари” жорий этилиши кутилмоқда. Унга асосан дам олиш кунлари, яъни шанба ва якшанба кунлари тунги осойишталик 22:00 дан 09:00 гача, иш кунларида эса 23:00 дан 06:00 гача давом этади.
Бу вақт оралиғида баланд овозда мусиқа тинглаш, уй ёки бино таъмирлаш, шунингдек, бошқа шовқинли ишлар билан шуғулланиш тақиқланади. Қонун кучга киргач, ушбу қоидаларга амал қилмаганлар молиявий жавобгарликка тортилади.
Лойиҳада белгиланишича, фуқароларга 5 баравар базавий ҳисоблаш миқдорига (ҳозирги ҳисобда тахминан 2 миллион сўм) жарима қўлланилади. Мансабдор шахслар учун эса бу миқдор 15 БҲМга, яъни 6 миллион сўмдан ошади.
Амалдаги қонунга мувофиқ, ҳозирда тунги тинчликни бузганлик учун фақат 113 минг сўм миқдорида жарима белгиланган. Янги қонун кучга кирса, бу рақам қарийб 18 баробарга ортади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ўзгаришлар фуқароларнинг шахсий ҳаётига ҳурмат билан ёндашиш, дам олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамоат тартибини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун ҳозирда кейинги ўқишлар жараёнида кўриб чиқилмоқда. У қабул қилинса, Ўзбекистонда тинчликни бузиш энди фақат ахлоқий эмас, балки жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!