2025 йил 1 августдан Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилди.
Янги тартибга кўра, чиқиндини белгилаб қўйилмаган жойларга ташлаш 412 000 сўмдан 1 236 000 сўмгача жаримага сабаб бўлади. Бу каби чоралар аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва жамоат жойларини тозалигини таъминлашга қаратилган.
Шох-шаббалар ёки ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари учун 1 236 000 сўмдан 2 060 000 сўмгача жарима белгиланди. Бу ҳолатлар асосан ёзги мавсумда кенг тарқалади ва ўрмон ёнғинларига олиб келиши мумкин.
Сув манбалари ифлосланган тақдирда 1 236 000 сўмдан 2 060 000 сўмгача жарима қўлланилади. Бу сувдан фойдаланувчи аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солади.
Дарахтлар, буталар ва ниҳолларни шикастлаш ёки кесиш ҳуқуқбузарликлар сирасига киради. Бундай ҳолатлар учун 10 300 000 сўмдан 20 600 000 сўмгача жарима белгиланган.
Атмосфера ҳавосини қурилиш пайтида ифлослантирган ташкилот ёки шахсларга 4 120 000 сўмлик жарима белгиланган.
Тақиқланган ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақлаш, боқиш ёки сотиш ҳолларида жарима 2 060 000 – 4 120 000 сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, ҳайвонлар мусодара қилинади.
Экологик зарар етказилган ҳолатда, табиий муҳитни тиклаш учун чоралар кўрилмаган тақдирда, 412 000 сўмдан 1 236 000 сўмгача жарима қўлланилади.
Экология инспекторининг фаолиятига тўсқинлик қилган шахслар 2 060 000 – 4 120 000 сўм жаримага тортилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига мувофиқ, соғлом дарахтни шикастлашда табиатга етказилган зарар ҳам ҳисоблаб чиқилади ва айбдор томонидан қопланиши шарт бўлади.
Ушбу чоралар аҳоли ўртасида масъулиятни ошириш, табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни рағбатлантиришга қаратилган. Ҳар бир фуқаро экологик тартибга амал қилса, соф муҳит кафолатланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!