Объект сифатида океанлар: олимлар кислород танқислигини асосий таҳдидларга қўшмоқчи

Ер юзидаги океанлар ва бошқа сув экотизимларида кислород миқдорининг жадал камайиб бориши инсоният учун хавфсиз чегараларнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Калифорния университети ҳузуридаги Скриппс океанография институти (Скриппс Институтион оф Осеанограпҳй, УК Сан Диего) олимлари ўз тадқиқотида сув муҳитидаги деоксигенацияни сайёрамиз барқарорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичлар сирасига киритишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, сайёра чегаралари концепцияси илк бор 2009 йилда илм-фан оламига тақдим этилган бўлиб, у Ернинг барқарорлигини таъминловчи тўққизта муҳим жараённи ўз ичига олади. Булар қаторига иқлим ўзгариши, океанларнинг кислоталашуви, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, озон қатламининг емирилиши ва бошқа глобал экологик омиллар киради.
Деоксигенация ва унинг сабаблари
ixbt.com ва бошқа илмий манбалар хабар беришича, океанлар, дарёлар, кўллар ҳамда қирғоқбўйи сувларида эриган кислород миқдорининг камайиши юқорида тилга олинган тўққизта жараённинг барчаси билан чамбарчас боғлиқ. Сув муҳитида кислород етишмаслигининг асосий сабаблари сифатида инсон фаолияти натижасида юзага келаётган глобал исиш, ифлосланиш сабабли озуқа моддаларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши ҳамда океан тубидаги сув айланиш жараёнларининг ўзгариши кўрсатилмоқда.Кислород даражасининг пасайиши иқлимни тартибга солишда қатнашадиган муҳим кимёвий ва биологик жараёнларга жиддий путур етказади. Бу ҳолат микроскопик организмлардан тортиб йирик балиқлар ва акулаларгача бўлган барча сув ости жонзотлари ҳаётини хавф остига қўяди. Шунингдек, озиқ-овқат занжирларидаги ўзгаришлар ва ўлжа топиш имкониятининг қисқариши денгиз сутэмизувчиларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Глобал экологик барқарорлик ва янги чоралар
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, деоксигенация алоҳида мавжуд бўлган муаммо эмас, аксинча, у бошқа экологик омиллар таъсирини янада кучайтирувчи катализатордир. Кислороднинг йўқолиши иқлим жараёнларига, турларнинг тарқалишига ва сув экотизимларининг тўлақонли ишлашига бевосита таъсир кўрсатади.Мазкур мета-тадқиқот БМТнинг COP25 иқлим конференциясидан кейин тайёрланган бўлиб, олимлар келгусида сув ҳавзаларидаги кислород ҳолатини алоҳида кўрсаткичлар асосида кузатиб боришни ва глобал рухсат этилган чегараларни белгилашни мақсад қилган. Ушбу ёндашув Ернинг барқарорлигини баҳолашда ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича самарали чоралар ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…