date

Чиқиндиларни олиб кетиш вақти энди онлайн кўринади

Чиқиндиларни олиб кетиш вақти энди онлайн кўринади

Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш ва соҳада самарадорликни ошириш чора-тадбирларига бағишланган тақдимот билан танишди. Мулоқотда чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлаш тизимини янгилаш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатда аҳоли турмуш сифати ва экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида янги ечимлар жорий этилиши маълум қилинди.

Масъуллар маълумотига кўра, маиший чиқиндиларнинг қарийб тўртинчи қисми қоғоз, пластик, резина, шиша ва тўқимачилик қолдиқларидан иборат. Ушбу хомашё турларини қайта ишлаш орқали йилига камида 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти борлиги айтиб ўтилди. Бу йўналишда хусусий сектор ва хорижий сармоядорлар иштирокини кенгайтириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, қурилиш, кимё, электрон қурилмалар ва техник мойлар каби қайта ишланмайдиган чиқиндилар бўйича ҳам катта захира мавжудлиги қайд этилди. Уларни қайта ишлаш технологияларини жорий этиш орқали иш ўринлари яратиш ва иқтисодий самарадорликни ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Чиқиндиларни олиб кетиш хизмати аҳолини тўлиқ қониқтириши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Шу мақсадда ҳар бир маҳаллада чиқинди техникасининг келиши ва ҳаракатини онлайн тарзда кузатиш имкониятини яратиш вазифаси қўйилди. Бу орқали аҳоли вақти тежалиши ва хизмат сифати ошиши кутилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни зарурий чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. Ёшларда экологик маданиятни болалар боғчасидан бошлаб шакллантириш, ўқув дастурларига атроф-муҳит муҳофазасига оид мавзуларни киритиш зарурлиги айтилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Чиқиндиларни олиб кетиш вақти энди онлайн кўринади