«Оролга ташриф» халқаро автосаёҳат лойиҳаси доирасида иштирокчилар тарихий ва маданий бойликлари билан машҳур бўлган Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларига ташриф буюрдилар. Ушбу автосаёҳат Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ташаббуси билан, SamAuto ҳамкорлиги ва Tegeta Motors компаниясининг амалий кўмагида ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этишни мақсад қилган.
Сайёҳлар Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси, Регистон мажмуаси, Шоҳизинда ёдгорликлари билан танишдилар. Бухорода эса Пойи Калон, Лаби Ҳовуз, Арк Қалъаси каби тарихий жойларни зиёрат қилишди. Улар нафақат меъморий обидалар билан, балки маҳаллий ҳунармандчилик марказлари, кулолчилик, заргарлик ва миллий ипакчилик фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлдилар.
Автосаёҳатчилар маҳаллий ошхоналарда ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиб, чўзма палов, шурва, қурутоб ва сoмса каби ноз-неъматларни татиб кўрдилар. Шунингдек, улар ўзбек халқига хос самимийлик ва меҳмондўстлик анъаналарига гувоҳ бўлдилар.
Ташриф мобайнида иштирокчилар ўз таассуротларини турли ижтимоий тармоқлар, шахсий блоглар ва оммавий ахборот воситалари орқали реал вақтда ёритиб боришди. Бу эса нафақат Самарқанд ва Бухоро туризм салоҳиятининг кенг тарғиб этилишига, балки Ўзбекистоннинг халқаро туристик имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа иштирокчилари, шунингдек, Оролбўйи минтақасига ҳам ташриф буюришлари кутилмоқда. Бу эса экологик ва этнотуризм йўналишларини ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Халқаро автосаёҳат орқали туризм орқали ҳамкорликни кенгайтириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг мусбат образини жаҳон жамоатчилигига етказиш мақсад қилинган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!