Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган «Жанубий Сурхон сув омбори» атрофида улкан ва замонавий экотуризм мажмуаси қурилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа умумий майдони 15,7 гектарни ташкил этиб, умумий қиймати 140 миллиард сўмга тенг экани қайд этилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, мазкур лойиҳа экологик барқарорликни таъминлаш, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудуддаги биохилмахилликни сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, яшил майдонларни кўпайтириш, қулай пиёда ва велосипед йўлакларини ташкил этиш, замонавий инфратузилма объектларини қуриш, атроф-муҳитга зарар етказмасликни таъминлайдиган оқова сувларни тозалаш тизимини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
Лойиҳа нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам жозибали экотуризм масканига айланиши кутиляпти. Ҳудудда яшил ҳудудлар, дам олиш ва сайр қилиш майдончалари, болалар ва оилалар учун мўлжалланган экотуризмга хос хизматлар жорий этилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли учун иш ўринларини яратиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда иқтисодий ўсишга туртки беришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокими масъул ташкилотлар ва мутахассислар билан бирга ҳудудни кўздан кечириб, лойиҳанинг амалий жиҳатлари, логистика ечимлари ва экологик стандартларга мувофиқлиги юзасидан батафсил танишди. У лойиҳанинг ҳар бир босқичи юксак масъулият билан ташкил этилиши кераклигини таъкидлаб, қурилиш ишларини аниқ тартиб ва муддатлар асосида босқичма-босқич амалга ошириш вазифасини топширди.
Жанубий Сурхон сув омбори атрофидаги экотуризм комплекси нафақат ҳудуднинг табиий салоҳиятини очиш, балки мамлакатимиз туризм харитасида янги истиқболли нуқта сифатида шаклланишига хизмат қилади. Лойиҳа экотуризмни ривожлантириш, атроф-муҳитни сақлаш ва жамоатчилик онгини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!