date

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг кўпчилиги неча ёшдалиги аниқланди

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг кўпчилиги неча ёшдалиги аниқланди

Миллий статистика қўмитаси 2025 йилнинг январь–июль ойлари давомида Ўзбекистонга келган хорижлик туристлар ҳақидаги сўнгги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, ушбу даврда мамлакатимизга жами 6 миллион 300 минг нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда ташриф буюрган.

Энг эътиборли жиҳати — Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг қарийб ярмини 31 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Аниқ рақамларга кўра, бу тоифадаги меҳмонлар сони 3 миллион 196 минг 729 нафарни ташкил қилган. Бу эса мамлакатимизнинг айнан ўрта ёшли сайёҳлар учун қизиқ ва жозибадор йўналиш эканини кўрсатади.

Ёш бўйича тақсимот қуйидагича:

  • 0–18 ёшдаги сайёҳлар – 849 947 нафар;

  • 19–30 ёшдагилар – 1 030 286 нафар;

  • 31–55 ёшдаги меҳмонлар – 3 196 729 нафар;

  • 56 ёш ва ундан катта сайёҳлар – 1 242 157 нафар.

Таҳлилчилар фикрича, 31–55 ёшдаги инсонлар кўпинча молиявий жиҳатдан мустақил, фаол турмуш тарзига эга ҳамда тарихий ва маданий обидаларга, соғлом туризм имкониятларига қизиқиш билдирувчи гуруҳ ҳисобланади.

Бундай оммавий оқим мамлакат туризм салоҳиятини янада юксалтириш, инфратузилмаларни ривожлантириш ва турли ёшдаги сайёҳлар эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ҳудудларида сайёҳлар учун қулайликлар яратиш, янги йўналишларни ишга тушириш ва хизматлар сифатини ошириш орқали туристлар оқими янада ортиши кутилмоқда. Мазкур рақамлар мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг тобора ортаётганини яна бир бор тасдиқламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг кўпчилиги неча ёшдалиги аниқланди