Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида барпо этилган янги аэропортни ўз кўзи билан кўриб, лойиҳанинг тайёр ҳолатини баҳолади. Мамлакатимиз тараққий этиб, халқаро нуфузи ошиб борган сари дунё билан алоқалар фаоллашмоқда, шу боис транспорт инфратузилмасининг барча йўналишларини мутаносиб ривожлантириш чоралари изчил амалга оширилмоқда.
Стратегик аҳамиятга эга ушбу лойиҳа — “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизидаги бизнес авиацияси мажмуаси — 2017 йилда старт олган эди. Пандемия ва ундан кейинги қийинчиликларга қарамай, улкан иншоотни қуриб битказишга эришилди.
Янги аэропорт умумий 561 гектар майдонни эгаллайди. 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли тубдан янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та “ҳаво кемаси”га мўлжалланган перрон барпо этилди. “Boeing 787”, “A320” каби лайнерлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун махсус ангарлар қурилиб, қишда илиқ, ёзда салқин сақланиши ва техник хавфсизлиги таъминланади.
Инфратузилманинг қулай қисми сифатида VIP ва CIP терминаллар ҳам бунёд этилди. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказишга зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўконлар ва овқатланиш жойлари фаолият кўрсатади.
Муҳими, аэропорт ICAO III-A тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорологик ускуналар билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам учиш ва қўниш амалиётларини хавфсиз бажаришга имкон беради.
Қулай жойлашуви туфайли янги аэропорт пойтахт ва Янги Тошкент учун муҳим транспорт хабига айланади: халқаро ташрифлар, ишбилармонлик сафарлари амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар янада яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар, хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари иншоотда жамоат фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
«Кўп йил тайёргарлик қилиб, мана шундай аэропорт қурдик. Бу ҳам давлатчиликнинг яна бир замини. Бу ерда юртимизга келадиган меҳмонлар ва самолётларга юқори даражада хизмат кўрсатилади. Натижада Тошкент халқаро аэропортига юклама енгиллашади. Aэропорт учун ҳам бошқа жойда улкан мажмуа қуришни режалаштирганмиз. Умуман, ҳамма ҳудудларимизда катта-катта лойиҳаларни бошлаганмиз. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин, янги иншоотлар, фаровонлик халқимизга буюрсин».
Шундай қилиб, “Тошкент-Шарқий”даги янги аэропорт нафaqat бизнес авиацияси учун, балки мамлакатнинг глобал очиқлик сиёсати, халқаро логистика ва инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!