Ўзбекистонда хорижий тилларни ўргатиш ва уларни оммалаштириш йўналишида яна бир муҳим қадам ташланди. Аввал хабар қилинганидек, шу кундан бошлаб расман пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Чилонзор, Учтепа ва Сирғали туманларида жойлашган 84-, 164-, 283- ва 104-мактабларда хорижий тилларни ривожлантириш ва ўқитиш марказлари ўз ишини бошлади.
Бу марказлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, уларнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида тил ўрганиш кўникмаларини кучайтириш, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрларни тайёрлашдир. Марказларда жами 16 нафар тажрибали профессор-ўқитувчилар фаолият юритади. Шу билан бирга, 30 дан ортиқ халқаро сертификатларга эга бўлган талабалар ва магистрантлар ҳам дарс жараёнларига жалб қилинган.
Дарслар инглиз, немис, хитоий ва корейс тилларида олиб борилади. Бундай кенг қамровли йўналиш ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта хорижий тилни пухта ўрганиш имконини беради. Шу орқали уларнинг билим савияси ва касбий кўникмалари янада юксалиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!