Ўзбекистонда суд-экспертиза тизимини янада такомиллаштириш ва соҳани замонавий технологиялар асосида ривожлантириш мақсадида муҳим қадам ташланди. Президент томонидан қабул қилинган “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор соҳада туб ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос яратди.
Мазкур ҳужжатда суд-экспертиза фаолиятининг асосий мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб олинди. Жумладан, суд-экспертиза жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали тадқиқотларнинг тезкорлиги, холислиги ва ишончлилигини таъминлаш белгиланди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, суд-экспертиза ташкилотлари ва экспертлик тайинловчи органлар ўртасида тўлиқ электрон ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бу орқали соҳада электрон ҳужжатлар айланиши 100 фоизга етказилиши белгиланган.
Эндиликда судлар, суриштирув ва тергов органлари, маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга тузилмалар билан электрон ҳужжатлар алмашишни таъминлайдиган “E-ekspertiza” ахборот тизими суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига босқичма-босқич тўлиқ татбиқ этилади.
Ушбу платформа орқали ҳужжатлар юритиш шаффоф ва тезкор йўлга қўйилади. Шу тариқа, қоғозбозликка барҳам берилади, ортиқча вақт ва маблағ сарфи камаяди. Шу билан бирга, ҳар бир иш жараёнини онлайн кузатиш имконияти яратилади.
“E-ekspertiza” платформаси қуйидаги босқичларда ишга туширилади:
– 2026 йил 1 январдан республика даражасидаги экспертлик органларида;
– 2026 йил 1 июндан Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги органларда;
– 2026 йил 1 сентябрдан эса туман ва шаҳар даражасидаги экспертлик ташкилотларида.