Катта янгилик: Қоидабузарликлар бўйича ишлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий ишларни расмийлаштириш, кўриб чиқиш ва жарималар ҳақида хабар бериш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Ички ишлар вазирлиги тайёрлаган йўриқнома лойиҳасига кўра, мурожаатларни мамлакатнинг исталган ҳудудий марказида топшириш, хизматлардан «Ягона дарча» орқали фойдаланиш ва фуқароларни очиқ муҳитда қабул қилиш тизими жорий этилади.
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузишга оид маъмурий ишларни расмийлаштириш, кўриб чиқиш ва жарималарни билдириш тартиби тубдан янгиланмоқда. Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган янги йўриқнома лойиҳасига кўра, соҳада инсон омили минималлаштирилиб, тизим тўлиқ рақамлаштирилади.
Янги тартиб фуқаролар учун қулайлик яратиш, бюрократияни камайтириш ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
«Экстерриториаллик» ва «Ягона дарча»: Янги тамойиллар қандай ишлайди?
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, аҳоли ва юридик шахслар учун мурожаат қилиш тизимида учта муҳим ёндашув жорий этилади:
«Экстерриториаллик» тамойили: Эндиликда маъмурий ишлар бўйича мурожаат ва шикоятларни мамлакатнинг исталган ҳудудий марказида топшириш имконияти яратилади (яъни қайси вилоятда қоидабузарлик содир бўлганидан қатъи назар);
«Ягона дарча» тизими: Барча тегишли хизматлар ва аризаларни кўриб чиқиш ягона нуқта орқали амалга оширилади;
«Опен спейс» ёндашуви: Фуқароларни тўсиқсиз ва очиқ муҳитда қабул қилиш тизими йўлга қўйилади.
Барча ҳужжатлар «Маъмурий амалиёт» модулига ўтказилади
Йўриқномага кўра, қоидабузарликларга оид барча маъмурий ишлар ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Маъмурий амалиёт» модули орқали фақат электрон шаклда юритилади.
Шунингдек, суд жараёнларини тезлаштириш ва қоғозбозликка чек қўйиш мақсадида иш ҳужжатлари, ашёвий ва рақамли далиллар суд органларига ҳам электрон кўринишда юборилади.
Планшетлар, бармоқ изи ва SMS-хабарномалар
ЙПХ ходимларининг ишлаш тизими ва ҳужжатларни тасдиқлаш механизми ҳам янгиланади:
Планшетлардан фойдаланиш: Ҳуқуқбузарликларни жойида расмийлаштириш планшетлар орқали амалга оширилади.
Электрон имзо ва бармоқ изи: Электрон баённомалар график имзо ёки бармоқ изи (биометрия) орқали тасдиқланади.
Замонавий хабардор қилиш: Қарорлар ва хабарномалар фуқароларга мобил иловалар, SMS-хабарлар ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (ЯИДХП) шахсий кабинетлар орқали юборилади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…