Ўзбекистонда техник ва муҳандислик соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган янги таҳсил платформаси йўлга қўйилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва уни замонавий талабларга мослаштириш юзасидан ўтказилган тақдимотда муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Давлат раҳбари томонидан муҳандислик ва аниқ фанлар соҳасига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида мамлакатнинг 14 та ҳудудида янги муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу мактаблар янги авлод муҳандисларини тайёрлашга ихтисослаштирилади.
Ушбу таълим муассасаларида қабул танлов асосида амалга оширилади, ўқув жараёни эса STEM модели асосида ташкил этилади. Беш йиллик таълим дастури доирасида ёшларга юқори малакали муҳандислик билимлари берилиши кўзда тутилган.
Мазкур мактаблар Yangi O‘zbekiston университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг илғор тажрибаси асосида фаолият юритади. Уларда таълим бепул — тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Қолаверса, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Президенти соврини учун “Энг яхши муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилиши ҳам белгиланган.
Табиий фанларни чуқурлаштирилган ўқитишни йўлга қўйиш мақсадида барча ҳудудларда махсус ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса ўқувчиларнинг илмий ва техник салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!