Ўзбекистонда хорижий тилларни ўқитиш тизими янада кенгаймоқда. Янги ташаббусга кўра, олий таълим муассасалари, техникумлар ва умумтаълим мактабларида хитоий тили босқичма-босқич жорий этилади.
Президентнинг Хитойга ташрифи давомида қатор стратегик келишувлар имзоланди. Улар орасида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги йирик компаниялар билан умумий қиймати 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети ҳам бор.
Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун эса юқори малакали кадрлар зарур. Хусусан, замонавий технологияларни ўзлаштира оладиган ва хитоий тилини мукаммал биладиган мутахассисларга эҳтиёж катта экани таъкидланди.
Шу мақсадда ҳар бир вилоятда иккитадан “Ўзбекистон–Хитой устахоналари” ташкил этилади. Ушбу устахоналарда касб-ҳунар йўналишларида амалий машғулотлар, илғор технологияларни ўргатиш ва икки давлат тажрибаларини уйғунлаштириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, хитоий тилини ўқитиш жараёнида 100 дан зиёд тил эгалари ва кўнгилли ўқитувчилар жалб қилинади. Улар маҳаллий педагоглар билан ҳамкорликда замонавий дастурлар асосида дарслар олиб борадилар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!