Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Энди фақат рецепт асосида бериладиган дори воситалари фақат электрон рецепт орқали тайинланиши тартиби жорий этилди. Бу ҳақда тасдиқланган махсус низомда қайд этилган.
Янги тартибга кўра, электрон рецепт асосида бериладиган дорилар албатта Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши шарт. Даволовчи шифокор бемор ҳақидаги зарур маълумотларни тиббий муассасада қўлланилаётган ахборот тизимига киритади. Кейин бу маълумотлар автоматик тарзда “Электрон тиббий карта” модулига узатилади.
Шундан сўнг шифокор беморга электрон рецепт тузиш орқали дори тайинлайди. Рецепт электрон тарзда тасдиқланиб, унга автоматик равишда QR-код қўйилади. Бу жараёнда барча зарур маълумотлар “Электрон рецепт” модулида сақланади.
Шунингдек, шифокорлар тайинланган дориларнинг реализация жараёнини кузатиб бориш имкониятига эга бўлади. Яъни қайси дори воситалари беморга берилгани ва уларнинг айланмаси тўлиқ назоратда бўлади.
Энг муҳими, электрон рецептга оид барча маълумотлар беморнинг шахсий электрон тиббий картасига ёзиб борилади. Бу эса шифокорларга беморнинг даволаниш жараёни ва олдинги даврларда қабул қилинган дорилар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконини яратади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!