Рецептли дорилар нархи пасайди: қайси препаратлар арзонлашди?

2026 йил 1 июльдан бошлаб Ўзбекистонда рецепт асосида сотиладиган 2,5 минг номдаги дори воситалари учун янги чекланган нархлар жорий этилди. Натижада қатор дори препаратларининг нархи сезиларли даражада пасайди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, янги референт нархлар асосида айрим дорилар 50 фоизгача арзонлаштирилган.
Жумладан:
антибиотиклар ва микробларга қарши препаратлар нархи 50,1 фоизгача;
юрак-қон томир касалликларини даволашда қўлланиладиган дорилар 37 фоизгача;
асаб тизими учун мўлжалланган препаратлар 40 фоизгача;
яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи воситалар эса 42 фоизгача арзонлаштирилди.
Агентлик матбуот котиби Анвархон Акабировнинг таъкидлашича, янги референт нархлар кучга киргани сабабли мазкур дори воситаларини аввалги нархларда сотишга йўл қўйилмайди. Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари референт нархдан юқори қийматда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактураларни автоматик равишда аниқлайди ва бундай ҳужжатларни расмийлаштириш имконияти чекланади.
Қайд этилишича, дори воситалари нархларини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти изчил давом эттирилмоқда. Референт нархлар тизими дори нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олиш, шунингдек, фармацевтика бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий этилган.
Янги нархларни шакллантиришда халқаро тажриба асос қилиб олинади. Бунда референт давлатлардаги ўртача нархлар, препарат ишлаб чиқарилган мамлакатдаги қийматлар ҳамда сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонга импорт қилинган дори воситалари бўйича тузилган шартномалар нархлари инобатга олинади.
Агентлик маълумотига кўра, рецепт асосида сотиладиган дори воситаларининг чекланган нархлари pharm.gov.uz сайтида эълон қилинган. Шунингдек, фуқаролар PharmUz мобил иловаси орқали дори воситаларининг белгиланган максимал нархлари ва дорихоналардаги амалдаги чакана нархларини мустақил равишда таққослаб текшириши мумкин.






























Изоҳлар 0
…