date

Тиббиёт соҳаси учун алоҳида “Зулфия” мукофоти жорий этилади

Тиббиёт соҳаси учун алоҳида “Зулфия” мукофоти жорий этилади

Ўзбекистонда хотин-қизларни рағбатлантириш ва уларнинг турли соҳалардаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги таклиф муҳокама қилинмоқда. Президент фармони лойиҳасига кўра, эндиликда тиббиёт йўналишида алоҳида “Зулфия” номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши мумкин.

Мазкур ўзгаришлар ПФ-2326-сонли Фармонга киритилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, тиббиёт соҳасида алоҳида ютуқларга эришган, илмий изланишлар олиб борган ёки жамоатчиликка муносиб ҳисса қўшган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли хотин-қизлар мазкур мукофот билан тақдирланиши назарда тутилмоқда.

Мукофотга номзодлардан сўнгги уч йил давомида тиббиётда амалга оширган ишлари, илмий мақолалари, патентлари ёки жамоатчилик фаолиятидаги ютуқларини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар тақдим этилиши талаб қилинади.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташаббус тиббиёт йўналишида фаолият юритаётган қизларни янада кўпроқ сафарбар этади. Бу нафақат уларнинг шахсий салоҳиятини намоён қилишга, балки мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги илмий ва амалий ишланмаларни кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Шу билан бирга, Оила ва хотин-қизлар қўмитасига уч ой муддатда қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф тайёрлаб, Ҳукуматга тақдим этиш вазифаси юклатилган.

Айтиш жоизки, “Зулфия” мукофоти кўп йиллардан буён таълим, санъат ва ижтимоий соҳада фаолият юритаётган иқтидорли қизларни рағбатлантириб келаётган бўлса, энди тиббиёт соҳасининг ҳам бу қаторга қўшилиши хотин-қизларнинг фаоллигини янада кенгайтиради.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тиббиёт соҳаси учун алоҳида “Зулфия” мукофоти жорий этилади