Тошкентда автобус ва метро йўлкираси 47 фоизга ошади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 2026-йил 1-октябрдан бошлаб Тошкентда автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик қатнов нархи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга ошади, бу амалдаги тарифга нисбатан қарийб 47 фоиз кўпдир.
- Нақд пулда тўлов қилишда йўл ҳақи 3 000 сўм бўлиб қолади, бироқ бир соат ичида транспорт алмаштиришда 1 500 сўмлик имтиёзли тариф ва кейинги сафарлар бепул амал қилади.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланувчилар учун янги тарифлар жорий этилади. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб пойтахт автобуслари ва метрополитенида электрон тўлов орқали амалга ошириладиган бир марталик қатнов нархи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга кўтарилади. Бу амалдаги тарифга нисбатан қарийб 47 фоизлик ошишни англатади. Нақд пулда тўлов қилишда эса йўл ҳақи 3 000 сўм миқдорида сақланиб қолади.
Янги тарифлар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланган бўлиб, улар автобус ва метро қатновларига бирдек татбиқ этилади. Шу билан бирга, транспорт картасидан фойдаланадиган йўловчилар учун бир соат давомида транспорт алмаштиришда имтиёзли тарифлар ҳам сақлаб қолинади.
Бир соат ичида транспорт алмаштириш арзонроқ бўлади
Янги тизимда биринчи қатнов учун 2 500 сўм тўланади. Агар йўловчи транспорт картаси орқали биринчи сафардан кейин 60 дақиқа ичида бошқа автобусга ўтса, иккинчи қатнов учун 1 500 сўм тўлайди. Шу вақт оралиғида учинчи ва ундан кейинги автобус қатновлари учун қўшимча ҳақ олинмайди.
Автобус ва метрони биргаликда ишлатганда ҳам ушбу имтиёзли тизим амал қилади. Бунда биринчи қатнов 2 500 сўмни, кейинги транспорт алмашинувлари эса белгиланган тартибда 1 500 сўмни ташкил этади.
Метродан бир соатлик тариф доирасида фақат бир марта фойдаланиш мумкин. Агар йўловчи метро хизматига яна мурожаат қилса, янги 60 дақиқалик ҳисоб бошидан бошланади.
Транспорт карталари учун янги тарифлар
Янги қарор транспорт карталаридан мунтазам фойдаланадиган йўловчилар учун ҳам бир қатор тариф режаларини белгилади.
Фақат автобусдан фойдаланиш учун бир кунлик тариф 11 500 сўм, 30 кунлик тариф эса 250 минг сўм этиб белгиланган. Автобус ва метродан биргаликда фойдаланиш имконини берувчи тарифларда бир кунлик тўлов 13 500 сўм, 30 кунлик тариф эса 345 минг сўмни ташкил этади.
Доимий равишда транспортдан фойдаланмайдиган йўловчилар учун эса қатновлар сонига мос махсус пакетлар ҳам жорий этилади. Жумладан, 10 та сафар — 19 минг сўм, 20 та сафар — 38 минг 500 сўм, 30 та сафар — 57 минг 500 сўм этиб белгиланган.
Айрим тоифаларга 50 фоизлик чегирма
Янги тарифларда ўқувчилар, талабалар, нафақадагилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам имтиёз назарда тутилган.
Ушбу тоифадаги йўловчилар транспорт карталари учун тариф режаларини харид қилишда белгиланган нархнинг 50 фоизи миқдорида чегирмадан фойдаланиши мумкин. Қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар учун мавжуд имтиёзлар ҳам сақланиб қолади.
Шундай қилиб, 1 октябрдан Тошкентда электрон тўлов орқали бир марталик йўл ҳақи 2 500 сўм, нақд тўлов эса 3 000 сўм бўлади. Бир соат ичида транспортни алмаштиришда эса йўловчилар учун 1 500 сўмлик имтиёзли қатнов ва кейинги сафарларда бепул юриш имконияти сақланади.
Эслатиб ўтамиз, янги тарифлар ҳақидаги масала аввалроқ лойиҳа сифатида муҳокамага қўйилган эди. Ўша жараёнда Транспорт вазирлиги тариф ўзгариши билан бир қаторда ташувчиларга қўйиладиган хизмат сифати талаблари, жумладан, қатновларнинг мунтазамлиги ва транспорт воситаларининг ҳолати каби масалалар ҳам инобатга олиниши лозимлигини билдирган. Кейинчалик Тошкент шаҳар Кенгаши янги тарифларни тасдиқлади.






























Изоҳлар 0
…