date

Бир йилда 150 минг ёш халқаро сертификат олди

Бир йилда 150 минг ёш халқаро сертификат олди

Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва ёшларга берилаётган имкониятлар самараси ўз натижасини кўрсатмоқда. Президент сўзларига кўра, ҳар йили минглаб мактаб ўқувчилари ва ёшлар хорижий тиллар ҳамда турли фанлар бўйича халқаро сертификатларга эга бўлмоқда.

Масалан, 2016 йилгача бутун мамлакат миқёсида жами 2 минг нафаргина мактаб ўқувчиси сертификат олган бўлса, ўтган йилнинг ўзида фақат хорижий тиллардан 150 минг нафар ёшлар халқаро сертификатга эга бўлди. Бу кўрсаткич нафақат мамлакатдаги таълим тизимининг ўсиши, балки ёш авлоднинг меҳнатсеварлиги ва изланишлари самараси эканини кўрсатади.

Президент таъкидлаганидек, энди халқаро сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам ҳисобга олинади. Бу эса ёшлар учун қўшимча имконият яратади, уларнинг меҳнати ва интилишларига муносиб баҳони таъминлайди.

Йиғилишда таълим соҳасида алоҳида ютуқларга эришган ёшлар ҳам мисол сифатида тилга олинди. Хусусан, Когонлик иқтидорли қизалоқ Биллура Икрамова топ-200 талик олийгоҳлар қаторидаги Буюк Британиянинг Рединг университетини муваффақиятли тугатганига қарамасдан, йирик компаниялардан келган таклифларни рад этган ҳолда, ўзининг Ватанини танлади. У ҳозир Ромитан туманидаги чекка қишлоқ мактабларидан бирида инглиз тилидан дарс бермоқда.

Шунингдек, Оxford университети докторанти Нодира Набиева эшитиш қобилияти чекланган ўқувчилар учун инглиз тилини ўргатишнинг инновацион методикасини ишлаб чиққан. Ҳатто Германия ва АҚШдаги нуфузли олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари ҳам мазкур методикадан фойдаланмоқда. Президент буни миллий таълим тизими учун катта ютуқ сифатида баҳолади.

“Энг катта ниятим — таълим ва яна таълим. Чунки келажагимиз билимли, фидойи, меҳнатсевар ёшларга боғлиқ. Шу боис истеъдодли ва садоқатли ўқитувчилар сафини кенгайтириш, улар учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрман”, — деди давлат раҳбари.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бир йилда 150 минг ёш халқаро сертификат олди