date

Янги йилда россияликлар учун энг ажойиб манзил – Ўзбекистон

Янги йилда россияликлар учун энг ажойиб манзил – Ўзбекистон

Россиялик сайёҳлар орасида Янги йилни ноодатий ва эсда қоларли тарзда ўтказиш истаги тобора кучаймоқда. Ана шундай экзотик йўналишлардан бири сифатида Ўзбекистон айни пайтда катта оммалашув касб этмоқда. Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР) берган маълумотларга кўра, мамлакатимиз россияликлар учун Янги йилни нишонлашда энг яхши бешта йўналиш рўйхатига кирди.

АТОР тузган рўйхатдан Ўзбекистон билан бирга Санкт-Петербург, Калининград, Карелия ва Великий Устюг ҳам жой олган. Мутахассислар таъкидлашича, россияликлар қишнинг қаттиқ совуғидан қочиб, илиқ иқлим, бой тарихий муҳит ва ўзгача маданий муҳитдан баҳраманд бўлиш учун Ўзбекистонни танламоқда.

“Сирли Шарқнинг ҳавоси, Буюк Ипак йўлининг тарихий шаҳарлари, бой экскурсия дастурлари ва ҳақиқатан ҳам ажойиб гастрономик тажрибалар. Ўзбекистонда Янги йил байрамини ўтказиш нафақат қувноқ, балки тўла-тўкис маданий саёҳатга айланиши мумкин,” — дейилади АТОР баёнотида.

Ассоциациянинг қайд этишича, айниқса 50 ёшдан ошган, лекин ёшлик руҳини йўқотмаган сайёҳлар, блогерлар ва тарихий жойларга қизиқадиганлар учун бу йўналиш айни муддаодир. Туристлар Самарқанд осмонидаги Янги йил юлдузлари остида байрам қилишлари, Темурийлар хазиналарига бой тарихий объектларни кўришлари ёки мамлакатнинг дурдона шаҳарлари ичида экзотик байрам кечасига гувоҳ бўлишлари мумкин.

Маҳаллий туроператорлар эса ҳозирданоқ турли дастурларни таклиф этмоқда. Масалан, “Самарқанд осмонида Янги йил юлдузлари”, “Темурийлар хазиналари билан Янги йил” ва “Ўзбекистон дурдоналари орасида Янги йил” каби турлар катта қизиқиш уйғотмоқда.

АТОР сайёҳларга ҳозирданоқ чипталарни брон қилишни маслаҳат бермоқда, чунки Янги йил кунлари йўналишларга талаб жуда юқори бўлиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги йилда россияликлар учун энг ажойиб манзил – Ўзбекистон