20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси доирасидаги тадбирларда қатнашиш мақсадида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига етиб келди.
Жон Кеннеди халқаро аэропортида давлат раҳбарини АҚШ Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ҳамда бошқа нуфузли шахслар тантанали тарзда кутиб олишди.
Маълум қилинишича, Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси умумий мунозараларида нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари ва глобал ташаббуслари ҳақида фикр билдиради. Шунингдек, у қатор хорижий давлатлар етакчилари, халқаро тузилмалар ва йирик молиявий институтлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, АҚШнинг етакчи корпорациялари раҳбарлари билан алоҳида мулоқотлар ва нуфузли компаниялар вакиллари иштирокида давра суҳбати ҳам ташкил этилади. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим келишувлар муҳокама қилинади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!