date

Тошкентда иссиқ сув ва иситиш учун тўловлар алоҳида кўрсатилади

Тошкентда иссиқ сув ва иситиш учун тўловлар алоҳида кўрсатилади

Пойтахт аҳолиси учун муҳим янгилик: эндиликда иссиқ сув ва иситиш хизмати учун тўловлар айрим ҳолда ҳисобланади. Бу ҳақда “Veolia Energy Tashkent” компанияси ўз расмий сайти орқали маълум қилди.

Маълумотга кўра, компаниянинг шахсий кабинет хизматига янги имконият қўшилди. Унга асосан, тўловлар икки турда — иссиқ сув таъминоти ва иситиш хизмати учун алоҳида кўрсатилади. Бу тартиб орқали ҳар бир хизматга оид ҳисоб-китобни тушуниш осонлашади ҳамда истеъмолчилар аниқ саволлари билан мурожаат қилиш имконига эга бўладилар.

Янги функциядан фойдаланиш учун cabinet.veoliaenergy.uz орқали шахсий кабинетга кириб, “Ҳисоб-китоблар” бўлимида зарур даврни танлаш ва “Шарҳлаш” тугмасини босиш талаб этилади.

Компания томонидан қайд этилишича, агар ҳисоб-китобда ноаниқликлар кузатилса ёки хизмат сифатини яхшилаш бўйича таклифлар бўлса, Telegram’даги махсус гуруҳга, [email protected] электрон почтасига ёки туман иссиқлик таъминоти бўлимларига мурожаат қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 август куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши иссиқ сув ва иситиш хизматлари учун янги тарифларни маъқуллаган эди. Унга кўра, аҳоли учун чакана тариф 15 фоизга оширилиб, QQСсиз 121 617 сўмдан 139 860 сўм/Гкалгача кўтарилди.

Шунингдек, юридик шахслар учун тариф 40 фоизга ўсиб, 244 497 сўмдан 342 296 сўм/Гкалгача чиқди. Базавий тариф эса 7 фоизга оширилиб, 711 641 сўм/Гкал қилиб белгиланди. Бюджет ташкилотлари учун эса ўсиш 18,8 фоизни ташкил этди.

“Veolia Energy Tashkent” бош директори Севара Пардаева таъкидлаганидек, пойтахт аҳолиси ҳозирча базавий тарифнинг фақат 18 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджети ҳисобидан субсидия қилинади. Бироқ ҳукумат 2030 йилгача бу субсидияларни босқичма-босқич бекор қилиш ва тўловларни тўлиқ истеъмолчилар зиммасига ўтказишни режалаштирмоқда.

Компания эса келгуси 5 йил ичида аҳолини хизмат ҳақини тўлиқ қоплаш даражасига олиб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда иссиқ сув ва иситиш учун тўловлар алоҳида кўрсатилади