Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув тарифлари 30 фоизга оширилиши мумкин

Ўзбекистонда иситиш ва иссиқ сув тарифлари 30 фоизга оширилиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йил 1 ноябрдан иситиш ва иссиқ сув тарифларини ўртача 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинган, шу сабабли ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.

Тошкентда иситиш тарифи 1 квадрат метр учун суткасига 241,44 сўмдан 314 сўмга оширилиши таклиф қилинган.

Ҳисоблагич мавжуд бўлган хонадонларда иссиқ сувнинг 1 куб метри учун тариф 8928,67 сўмдан 11 607 сўмга кўтарилиши мумкин.

Ҳисоблагич бўлмаган хонадонларда эса бир киши учун ойлик тариф, аксинча, 52 303,39 сўмдан 45 330 сўмга туширилиши режалаштирилган. Бунга 1,5 баравар оширувчи коэффициентни бекор қилиш сабаб бўлади.

Шунингдек, республика бўйича иссиқ сув тарифларини биринчи марта ҳукумат қарори билан тасдиқлаш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан аҳоли учун марказлаштирилган иситиш тарифларини ҳар йили 1 майдан индексация қилиш режалаштирилган. Бунда инфляция ҳисобга олинади, бироқ бир мартаги индексация миқдори 10 фоиздан ошмаслиги керак.

Тегишли вазирликларга иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизгача камайтириш бўйича чора-тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқиш вазифаси юкланиши таклиф этилган.

Лойиҳада тарифлар ошишига мутаносиб равишда бюджет субсидияларини қисқартириш назарда тутилмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар