Халқ демократик партияси 1 октябрдан кучга кириши кутилган мопед ҳамда скутерни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилишига қарши чиқди. Бу ҳақда партия эълон қилган расмий баёнот орқали маълум қилинди.
Баёнотда таъкидланишича: “Мопед ва скутерни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талабини келаси йилга қолдириш, шунингдек, гувоҳнома ва давлат рақамини олиш муддатлари ҳамда тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз”. Шу билан бирга, масала юзасидан тегишли тартибда депутатлик сўрови киритилиши ҳам айтилди.
Партия келтирган рақамларга кўра, бугунги кунда 130 мингга яқин ёшлар курьерлик хизматида меҳнат қилмоқда. Улар асосан велосипед, мопед ва скутер орқали хизмат кўрсатиб келмоқда. Янги тартиб кучга кирса, бир кунда юз минглаб ёшлар ишсиз ва даромад манбаисиз қолиши хавфи борлиги таъкидланди.
ХДПнинг фикрича, мопед ҳамда скутер учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилишига ажратилган вақт етарли эмас. “Тўғри, ҳукумат томонидан муддат узайтирилган. Аммо талабгорларнинг катта сонини ҳисобга олганда, ҳужжат талаб қилишнинг бу қисқа вақт ичида қанчалик мақсадга мувофиқлиги яна бир бор кўриб чиқилиши лозим. Чунки бу йўналишда меҳнат қилаётган фуқаролар кўп ҳолларда ўзини таъминлашга интилиб, ҳеч кимдан ёрдам кутмасдан моддий муаммоларини ҳал қилмоқда”, — дейилади баёнотда.
Партия муаммони ҳал қилишнинг инновацион ва аҳолига қийинчилик туғдирмайдиган ечимларини топиш зарурлигини ҳам таъкидлади. “Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан аҳамияти юқори бўлган масала юзасидан давлатимиз сиёсатига муносиб ечим топишни сўраймиз ва бу бўйича тегишли депутатлик сўровини киритамиз”, — дея хулоса қилинди партия муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 9 августда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдовчилари “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши шарт. Илгари мазкур талаб 1 мартдан 1 октябрга сурилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!