1 июлдан янги қоида: ЙПХга электрон ҳужжат кўрсатса бўладими?

1 июлдан янги қоида: ЙПХга электрон ҳужжат кўрсатса бўладими?

2025 йил 1 июлдан бошлаб қатор шахсий ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти жорий қилингани ҳақидаги хабарлар кўплаб ҳайдовчиларда бир саволни туғдирди: ЙПХ ходими тўхтатганда ҳужжатларни MyGov иловаси орқали кўрсатишнинг ўзи кифоями?

Ушбу масала юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) расмий изоҳ бериб, амалдаги тартибни тушунтирди.

Маълум қилинишича, “Ўзкомназорат” инспекцияси тайёрлаган “Рақамли саводхонлик” видеоларида 1 июлдан бошлаб паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа қатор ҳужжатларнинг электрон кўриниши расман тан олиниши, уларни MyGov мобил иловаси орқали тақдим этиш мумкинлиги қайд этилган.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрда қабул қилинган қарори асосида жорий этилган бўлиб, рақамли ҳужжатлар банклар, нотариал идоралар, аэропортлар, темир йўл вокзаллари ҳамда давлат органларида қоғоз ҳужжатлар ўрнида қабул қилинади.

Бироқ ЙҲХХнинг таъкидлашича, мазкур енгиллик йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан йўлда ўтказиладиган текширувларга тўлиқ татбиқ этилмайди.

Расмий изоҳга кўра, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчи шахсини тасдиқловчи биометрик паспорт ёки ID-картанинг асл нусхасини ўзи билан олиб юриши ва талаб қилинганда тақдим этиши шарт.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, агар ҳайдовчида паспорт ёки ID-карта мавжуд бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, ишончнома, суғурта полиси ҳамда ойналарни қорайтиришга оид рухсатнома каби ҳужжатларни қоғоз кўринишида олиб юриш талаб этилмайди.

ЙҲХХ маълумотига кўра, рақамли ҳужжатлардан тўлиқ фойдаланиш тартиби, асосан, маъмурий амалиёт марказлари ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда имтиҳон олиш бўлимларида амал қилади.

Шу боис, ҳайдовчиларга тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун сафарга чиқишдан аввал шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини ўзлари билан олиб юриш тавсия этилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар