2025 йилда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг "Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили" доирасида Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантиришга оид йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, жорий йил охиригача 200 та электробус ва улар учун зарур қувватлаш ускуналари харид қилинади.
Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган тендерда Хитойнинг "YUTONG BUS Co., Ltd." компанияси ғолиб деб топилди. Компания билан тузилган шартнома асосида 100 та электробусдан иборат биринчи партия Хоргос шаҳри орқали Қозоғистон ҳудудидан ўтиб, Ўзбекистонга йўлга чиқди. Электробуслар сентябрь ойи охиригача тўлиқ етказилиши режалаштирилган.
Лойиҳа Хитойнинг Eximbank молиявий институти ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ҳамкорлигида молиялаштирилмоқда. Электробуслар атмосферага зарарли моддалар чиқармайди, шовқинсиз ва экологик тоза ҳисобланади.
Ушбу ташаббус пойтахтда хавфсиз, қулай ва замонавий жамоат транспорти тизимини шакллантиришда муҳим босқич бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!