Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Қашқадарё вилояти Косон туманида янги ер ости газ сақлаш иншооти қурилади. Бу ҳақда вазирлик Gazeta нашрига хабар берди.
Маълумотларга кўра, Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг China National Petroleum Corporation компанияси ўртасида газни ер остида сақлаш иншоотини барпо этиш бўйича дастлабки тадқиқот ишларини амалга оширишга оид ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Лойиҳа “Қорабайир” кони негизида амалга оширилади. Илмий тадқиқот натижаларига кўра, мазкур коннинг XII горизонти газ сақлаш иншооти қуриш учун мақбул деб топилган.
Иншоот фаолияти йўлга қўйилгандан кейин, у ерда 1 миллиард 500 миллион куб метр актив табиий газни сақлаш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябр ойида Энергетика вазири мамлакатда фаолият юритаётган икки ер ости газ омбори — “Газли” ва “Хўжаобод” ҳақида маълумот берган эди.
Шунингдек, вазирнинг айтишича, “Сўх” газ омбори бўйича ҳам ишчи гуруҳ тузилган ва ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ушбу омбор Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, компрессорлар ва бошқа технология ускуналари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!