date

Рекламада “0%”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалар тақиқланади

Рекламада “0%”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалар тақиқланади
Марказий банк Ўзбекистон Республикаси насия савдо бозори иштирокчиларининг муносабатларини тартибга солувчи Ахлоқ кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Лойиҳа асосида FinTex Ассоциацияси орқали “Ишонч белгиси” тизими жорий этилади. Ушбу белги насия хизматлари қонуний ва шаффоф йўлга қўйилганини билдиради ҳамда мижозларга ташкилотларнинг ишончлилигини осонроқ аниқлаш имконини яратади.

Янги қоидаларга кўра, ҳар бир насия ташкилоти расмий веб-сайтида маҳсулот турлари, тўлов тартиби, комиссия ва жарималар ҳақида тўлиқ маълумот бериши шарт. Шунингдек, рекламада “0%”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалар тақиқланади. Мижозлар шартнома тузишдан олдин йиллик фоиз (АПР), умумий тўлов миқдори ва кечиктириш оқибатлари тўғрисида хабардор қилинади.

Насия фақат 18 ёшдан ошган фуқароларга берилади, дастлабки лимит 2 млн сўм. Агар мижоз лимитни оширишни хоҳласа, унинг қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги шарт. Барча фоиз ва йиғимлар йилига қарз суммасининг ярмидан ошмаслиги белгиланган. Қарздорликни ундиришда таҳдид ёки босим ўтказиш каби ноқонуний усуллар ман этилади. Шу билан бирга, фирибгарликка қарши биометрик рўйхатдан ўтказиш, ахборот ва киберхавфсизлик бўлимлари ташкил этиш назарда тутилган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу механизмни танқид қилади. Унинг фикрича, кодекс амалда бозордаги назоратни хусусий нодавлат ташкилот — FinTex ассоциацияси қўлига топшириши мумкин. Бакиров шунингдек, Ишонч белгиси олиш мажбурияти билан боғлиқ аъзолик нархи (12 млн сўм ёки 1 200 доллар) ва FinTexнинг инсоний бозор иштирокчилари реестрини юритишини ҳам танқид қилган.

Экспертнинг таъкидлашича, бундай механизм рақобатга зид бўлиб, насия савдо бозорида сунъий концентрацияга олиб келиши мумкин. Агар назорат хусусий ташкилот қўлига ўтса, у қонунсиз регуляторга айланиши эҳтимоли мавжуд. Бакиров таклиф қилинаётган кодекс матни тўлиқ эълон қилинмаганини ҳам танқид қилган ва аъзолик мажбурияти олиб ташланса, ҳужжат мақсадга мувофиқ қабул қилиниши мумкинлигини таъкидлаган.

Марказий банк маълумотига кўра, кодекс бўйича таклиф ва эътирозлар жамоатчиликдан қабул қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Рекламада “0%”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалар тақиқланади