2025 йил 15 октябрь куни Azon Global таҳририяти медиаплатформа фаолияти тўхтатилганини расман эълон қилди. Расмий баёнот лойиҳа сайтида жойлаштирилган бўлиб, унда жамоа бу қарорни “қонунга ҳурмат ва жамият олдидаги масъулият туйғуси билан” қабул қилганини таъкидлаган.
“Биз — Azon Global жамоаси, қонунга ҳурмат ва итоат юзасидан барча медиа фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Бу оғир, аммо виждон, устозимизга бўлган ҳурмат ва жамиятга садоқат асосида қабул қилинган қарор”, — дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, Azon Global лойиҳасига нисбатан суд ҳукми чиққандан сўнг, унинг фаолияти расман тўхтатилган. Жамоа бу қарорни тинчлик ва сабр билан қабул қилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 8 октябрь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги судда Azon Global лойиҳаси асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) устидан суд жараёни якунланган ва у 2 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!