date

Хусусий клиникаларга янги имконият: тиббий ускуналарни божхонасиз олиб кириш муддати узайтирилди

Хусусий клиникаларга янги имконият: тиббий ускуналарни божхонасиз олиб кириш муддати узайтирилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича янги қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, тиббий ускуналар, жиҳозлар ва тез ёрдам машиналарини олиб кириш учун берилган божхона имтиёзлари яна 3 йилга узайтирилади.

Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистонда хусусий клиника ва лабораториялар сони уч баробарга ошиб, 9 мингдан ошди. Улардаги шифо ўринлари эса 57 мингдан ортиқни ташкил этади. Бугунги кунда мамлакат бўйича тиббий хизматларнинг 30 фоизи айнан хусусий сектор томонидан кўрсатилмоқда.

Давлат раҳбари бу натижаларни ижобий баҳолаб, хусусий тиббиёт соҳасида илғор ташаббуслар пайдо бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, ҳукумат хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича барча таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Хусусий клиникаларда хизмат нархлари республика тиббиёт марказларига қараганда арзонроқ экани қайд этилди. Шу боис, эндиликда тиббий суғурта маблағларини бемор танлаган, хизматлари арзон ва сифатли бўлган хусусий клиникаларга йўналтириш тартиби жорий этилади.

Йиғилишда, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига берилган QQS қайтариш имтиёзи хусусий тиббиёт муассасаларига ҳам татбиқ этилиши маълум қилинди.

Катта лойиҳаларга ҳам молиявий ёрдам кўзда тутилган: замонавий кўп тармоқли клиникаларни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун тадбиркорларга 200 миллион долларлик имтиёзли ресурс ажратилади. Ушбу маблағлар 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан ва 17 фоиз ставкада тақдим этилади.

Бу чора-тадбирлар хусусий тиббиётнинг ривожига туртки бўлиши, аҳолига сифатли ва арзон тиббий хизматларни янада кенгроқ тақдим этишга имкон яратиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Хусусий клиникаларга янги имконият: тиббий ускуналарни божхонасиз олиб кириш муддати узайтирилди