Тошкентда қурилиш майдонлари энди мажбурий текширувдан ўтказилади

“Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, қурилиш учун ажратилган майдонлар мажбурий тартибда комплекс текширувдан ўтказилади.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги 500 кв.м ва ундан ортиқ майдонларда қуйидаги талаблар бўйича баҳолаш ўтказилади: майдоннинг камида 25 фоизи кўкаламзор бўлиши, сув пуркагичлар ўрнатилиши, кириш-чиқиш йўлакларида автомобиллар ғилдирагини ювиш ҳовузлари қурилган бўлиши.
Бундан ташқари, қурилиш ва чиқиндиларни ташиш вақтида транспорт воситалари брезент ёки PVX қоплама билан ёпилиши шарт этиб белгиланди.
Майдони 1 000 кв.м дан катта бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станциялари ўрнатилиши ва улар Экология қўмитасига интеграция қилиниши – қурилишни давом эттириш учун асосий талаб бўлади.
Шунингдек, жисмоний шахслар ўз ерида дарахт ва буталарни суғориш учун ичимлик сувини ишлатиш вақтига белгиланган чеклов – баҳор ва ёз фаслларида (00:00 дан 05:00 гача) бекор қилинади.
Бунда ичимлик сувининг бошқа мақсадларда ишлатилиши бўйича амалдаги чеклов сақланиб қолади. Кўп квартирали уйларда суғориш учун алоҳида сув резервуарлари ўрнатилиши назарда тутилади.