
Президентимиз Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани, Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасидаги реконструкция ишлари билан танишди. Бу зиёратгоҳни обод қилиш бўйича лойиҳа билан давлат раҳбари шу йилнинг март ойида танишган эди.
Маҳдуми Аъзам аслида ҳозирги Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган. У нақшбандия таълимотининг йирик раҳнамоларидан бири бўлиб, ёшликда Фарғонада таълим олиб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди Мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида етук пир бўлган.
У тариқат илми бўйича 30 дан ортиқ асар ёзган, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Шу диний ва илмий хизматлари учун унга "Маҳдуми Аъзам" унвони берилган. У Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Ялангтош Баҳодир ушбу зот қабрини ёд этиш учун бу ерда даҳма, катта масжид ва мадраса қурдирди. У ўзи ҳам вафотидан сўнг шу ерда дафн этилган. Зиёратгоҳда 50 дан ортиқ қабр тошлари сақланиб қолган.
Бу ерда икки нафар Афғонистон ҳукмдори ҳам дафн этилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Қабр тошларининг кўпчилиги ёзувлари билан бирга ўрганилган.
Лойиҳа доирасида зиёратгоҳ ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Майдони 5 гектарга яқин бўлган зиёратгоҳда замонавий инфратузилма барпо этилмоқда.
Зиёратчилар учун уч қаватли автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона, маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда. Бу лойиҳалар келувчиларга максимал қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Реконструкциядан сўнг бу зиёратгоҳ бир вақтнинг ўзида 35 минг нафар зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Илгари бу кўрсаткич атиги 5 минг киши эди.
Шунингдек, ҳудудда 40 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилади. Дарахтлар экилиб, боғ ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.
Президент зиёратгоҳда Қуръон тиловатини тинглади, дарахт экди ва алломанинг руҳини ёдга олди. Яна-да обод қилиш ва асрларга татигулик дарахтлар экиш бўйича топшириқлар берди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.