Олимлар хавотирда: Ерда сув захиралари камайиб, сув айланиши беқарорлашмоқда

Олимлар хавотирда: Ерда сув захиралари камайиб, сув айланиши беқарорлашмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ҳисоботига кўра, 2025 йилда дунё ҳудудларининг 42 фоизида сув захиралари тарихий ўртача кўрсаткичдан паст бўлган.
  • Иқлим ўзгариши сабабли Ерда сув айланиши беқарорлашиб, қуруқликдаги сув захиралари 2016 йилдан бери глобал миқёсда камайиб бормоқда.
  • Музликларнинг қисқариши ҳам давом этиб, келажакда сув танқислиги хавфини оширмоқда.
  • Айниқса, Осиё ва Африкада сув билан боғлиқ экстремал ҳодисалар ва ўлимлар кўпайган.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) ҳисоботига кўра, Ерда сув айланиши тобора беқарор бўлиб, айрим ҳудудларда қурғоқчилик, бошқаларида эса кучли сув тошқинлари кузатилмоқда. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ бу жараён чучук сув захираларига ҳам таъсир қилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

ЖМТнинг 2025 йилги сув ресурслари ҳолати ҳақидаги ҳисоботи 17 сентябрь куни эълон қилинган. Унда сунъий йўлдош кузатувлари ва бошқа маълумотлар асосида Ер юзидаги дарёлар, кўллар, ерости сувлари, музликлар, қор ва тупроқда сақланадиган чучук сув захиралари ўрганилган.

Ҳисоботга кўра, қуруқликдаги сув захиралари глобал миқёсда тахминан 2016 йилдан бери камайиб бормоқда. 2025 йилда дунё ҳудудларининг 42 фоизида сув захиралари тарихий ўртача кўрсаткичдан паст бўлган. Ўтган йил дарёлар оқими бўйича сўнгги 35 йилдаги энг қурғоқчил йиллардан бири сифатида қайд этилган.

Музликларнинг қисқариши ҳам давом этмоқда. 2025 йилда барча музлик минтақаларида кетма-кет тўртинчи йил сезиларли муз йўқотилиши кузатилган. Бу эса келажакда сув танқислиги ва денгиз сатҳининг кўтарилиши билан боғлиқ хавфларни кучайтириши мумкин.

Сув айланишидаги беқарорликнинг оқибатлари Осиё ва Африкада айниқса сезилмоқда. ЖМТ маълумотларига кўра, сўнгги беш йилда ушбу икки минтақа сув билан боғлиқ қайд этилган экстремал ҳодисаларнинг камида ярмини ва улар оқибатида юз берган ўлимларнинг 80 фоиздан ортиғини ташкил этган.

Мутахассислар сув ресурсларини мунтазам кузатиш, маълумот алмашиш ва мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидламоқда. Ҳисобот муаллифлари сув айланишидаги ўзгаришларни аниқ баҳолаш ва уларнинг оқибатларига тайёрланиш учун айрим ҳудудларда кузатув маълумотларини янада яхшилаш кераклигини қайд этган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар