
Жанубий Кореянинг Чангвон шаҳридаги Масан портида Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган Hyundai Rotem юқори тезликдаги поездларининг биринчи партиясини расмий жўнатиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси, Корея ҳукумати вакиллари ва Hyundai Rotem раҳбарлари иштирок этди.
“Жалолиддин Мангуберди” номи берилган янги тезюрар поездлар келгуси йил Тошкент — Урганч — Хива йўналишида қатновларни бошлайди. Ушбу йўналиш бўйлаб қатновлар йўлга қўйилгач, қарийб 1000 километрлик масофани тахминан 7 соатда босиб ўтиш имконияти яратилади.
Ўзбекистон темир йўллари билан 2024-йил июн ойида имзоланган шартнома доирасида ишлаб чиқарилган ушбу поездлар Ўзбекистоннинг янги юқори тезликдаги темир йўл паркининг биринчи қисми ҳисобланади. Келгусида яна 5 та шундай поезд харид қилиниши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт тизимида рақамлаштириш ва юқори тезликдаги қатновларни йўлга қўйиш бўйича муҳим қадам бўлди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.