Қутқарувчи бўлиш учун ёш чегараси жорий этиладими?

Ўзбекистонда қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилишда ёш чегарасини белгилаш режалаштирилмоқда. Бу "Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида"ги қонуннинг 9-моддасига киритилаётган ўзгартиришлар орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, қутқарув хизматлари ва профессионал қутқарув тузилмаларига қутқарувчи лавозимига, шунингдек, қутқарувчиларни тайёрловчи таълим муассасаларига ўқишга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилиниши белгиланмоқда.
Номзодлар умумий ўрта маълумотга эга бўлиши, тиббий кўрикдан ўтиб қутқарувчилик фаолиятига яроқли деб топилиши, шунингдек, касбий, жисмоний ва маънавий-руҳий тайёргарлик талабларига жавоб бериши лозим бўлади.
Қайд этилишича, амалда қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилишда ёш бўйича чеклов мавжуд эмас. Шу сабабли ҳозиргача 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролар ишга қабул қилиб келинган.
Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида 40 ёшдан 50 ёшгача бўлган 1 658 нафар, шунингдек, 50 ёшдан ошган 826 нафар қутқарувчи фаолият юритмоқда. Мутахассислар бу ҳолат айрим қутқарув ишларининг самарадорлиги пасайишига, ёнғинларни бартараф этишда қийинчиликлар юзага келишига ва жанговар шайликнинг сусайишига сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!