Ўзбекистонликларга вазият барқарорлашгунча чет элга чиқишни кечиктириш тавсия этилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа турдаги хорижий сафарларни вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча кечиктириб туришни тавсия қилди.
ТИВ маълумотига кўра, минтақадаги кескинлик кучайиши ҳамда айрим давлатлар ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий этган вақтинчалик чекловлар туфайли халқаро авиақатновларда ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бу рейсларнинг бекор қилиниши ёки кечикиши, транзит йўналишларнинг ёпилиши ва бошқа ташкилий қийинчиликларга олиб келиши эҳтимоли бор.
"Шу муносабат билан фуқароларга хавфсизликни таъминлаш ҳамда ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишидаги зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа хорижий сафларни вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилади", дейилади хабарда.
Шунингдек, чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига вазиятга нисбатан эҳтиёткор ва ҳушёр бўлиш, гавжум жойларга бормаслик, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ҳамда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш тавсия қилинган.
ТИВ, шунингдек, хорижга сафарни режалаштиришда расмий манбаларда эълон қилинаётган янгиликларни мунтазам кузатиб боришни сўраган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!