Ҳисоботга имзо ва муҳр учун 14 миллион сўм сўраган боғча раҳбари ушланди

Ҳисоботга имзо ва муҳр учун 14 миллион сўм сўраган боғча раҳбари ушланди

Сурхондарё вилоятида давлат боғчаларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олинганини тасдиқловчи ҳужжатларга имзо ва муҳр қўйиш эвазига 14 миллион сўм пора талаб қилган боғча раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, вилоят ИИБга келиб тушган мурожаатда айрим мансабдорлар давлат мактабгача таълим муассасаларига шартнома асосида етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҳисоботларни тасдиқлаш учун ноқонуний пул талаб қилаётгани ҳақида хабар берилган.

Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбир давомида Жарқўрғон туманида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзи бошқараётган боғча ҳамда яна бир давлат боғчасига “Тошмурод Ойдин” МЧЖ томонидан етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари қабул қилинганини тасдиқловчи ҳужжатларга имзо ва муҳр қўйиш учун пора талаб қилгани аниқланган.

Аниқланишича, у ҳар бир ҳужжат учун 7 миллион сўмдан, жами 14 миллион сўм сўраган. Гумонланувчи ушбу пулларни олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми "в" ва "г" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар