Президент электр энергетикаси соҳасидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди

  • 21 февраль 2019, 20:54
  • 2 561
  • Ўзбекистон
  • Президент электр энергетикаси соҳасидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди
    20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

    «Электр энергетикаси иқтисодиёт ривожи, ҳаёт сифатини таъминлайдиган асосий манбалардан бири. Бу тармоқда қатор камчиликлар мавжудлиги белгиланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва мамлакатимизни инновацион ривожлантиришга халақит қилаётган эди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Унга электр энергетикаси ҳамда нефть-газ соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича катта ваколатлар берилди. 2019 йилги Инвестиция дастурига электр энергияси тизими бўйича умумий қиймати 8,1 миллиард долларлик 33та лойиҳа киритилган. Бу йил қарийб 620 миллион доллар ўзлаштирилиб, 7та йирик лойиҳа ишга туширилиши белгиланган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

    Президент ушбу инвестиция лойиҳаларини сифатли амалга ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берган.

    Йиғилишда, халқаро молия институтлари иштирокидаги «Тахиатош иссиқлик электр станциясидан Хоразм-Саримой пунктигача 220 киловольтли электр линияларини тортиш», «Юқори кучланишли подстанцияларни модернизация қилиш», «Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш» лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари кечиккани қайд этиб ўтилган.

    Шу боис Энергетика вазирлиги, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятига халқаро молия ташкилотлари маблағларини тўлиқ ўзлаштириш, лойиҳаларни ўз вақтида бажариб, маблағларни иқтисод қилиш вазифалари қўйилган.

    Электр энергияси қувватларини модернизация қилиш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилган. Тармоқда инвестиция сиёсати нотўғри ташкил этилгани, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга умуман эътибор қаратилмагани танқид қилинган. Бунинг оқибатида корхоналар қарз олиш ёки лойиҳаларни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширишга мажбур бўлаётгани қайд этилган.

    Давлат раҳбари соҳадаги муҳим йўналишларни белгилаб берган. Хусусан, давлат-хусусий шерикчилик асосида муқобил энергетикани ривожлантириш, бундай лойиҳаларга чет эл инвестициялари жалб этиш имконияти катта экани таъкидланган.

    Ҳозирда Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича Туркиянинг «Йилдирим груп», Бирлашган Араб Амирликларининг «Маздар» жамғармаси ва Халқаро молия корпорацияси билан иш олиб борилмоқда.

    Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятига умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик 13та истиқболли лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорларни аниқлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича манзилли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилган. Соҳада давлат-хусусий шерикчиликни жорий этиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш учун хусусий ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини сотиб олиш тартиби ва тарифларини белгилаш зарурлиги таъкидланган.

    Шунингдек, дебитор қарздорликни камайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
    Электр энергиясини экспорт қилиш бўйича мамлакатимизнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Сурхон-Пули-Хумри тармоғини қуришни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 февралдаги қарорида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш белгиланган эди. Давлат раҳбари бу қарорда ишлаб чиқарувчи – етказиб берувчи – тақсимловчи вазифалардан келиб чиқиб, корхоналарнинг функцияларини аниқ ажратиш, соҳага бозор муносабатлари, жумладан, давлат-хусусий шерикчиликни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

    Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилган.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Президент электр энергетикаси соҳасидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди