
Ўзбекистонда 2015 йилдан бошлаб хориждаги, асосан, Россиядаги меҳнат фаолиятидан қайтиб келаётган меҳнат муҳожирлари бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан Kun’га маълум қилишди, деб ёзади Kun.uz.
Олий Мажлис Сенати 13 ноябрь куни 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини маъқуллади, унга кўра келаси йили Ўзбекистонда 987 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу дастурга хорижий мамлакатлардаги, хусусан, Россиядаги мураккаб иқтисодий вазият туфайли Ўзбекистонга қайтиб келаётган меҳнат муҳожирларининг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам киритилган.
Дастурга асосан, 2015 йили Ўзбекистонда 409,5 минг нафар меҳнат муҳожирлари иш билан таъминланади. Айни вақтда, ушбу иш ўринларининг асосий қисми вилоятларда – Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон, Бухоро ва Фарғонада ташкил этилади.
Хусусан, меҳнат муҳожирлари ўз яшаш жойларида иш билан таъминланишлари ёки тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари мумкин. Айни шу жараёнда уларга Ўзбекистон ҳукумати ва тижорат банклари томонидан кўмак кўрсатилади.
«Масалан, Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирлари давлат ҳисобидаги фойдаланилмаётган объектларни, фойдаланилмаётган объектларни бузиш натижасида очилган ер участкаларини ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш мақсадида «ноль» қийматида сотиб олишлари ёки ижарага олишлари, бу лойиҳаларга муҳожирликдаги меҳнатлари давомида тўплаган даромадларини сармоя сифатида киритишлари мумкин бўлади», – дейилади вазирлик ахборотида.
Бундан ташқари, дастурга асосан тижорат банклари Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирларига кичик кредитлар тақдим этишади. Ушбу кредитлар ҳисобидан меҳнат муҳожирлари хориждаги фаолиятлари давомида тўплаган тажрибалари асосида ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ва ривожлантиришлари мумкин бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар