00:05 / 03.03.2018
25 290

Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 2-қисм)

Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 2-қисм)
“КУРДЎҒЛИ — ХОИН”

Қадимий турк сулоласига яхшилаб назар ташлайдиган бўлсак, хоинлик атамаси жуда кўп учрайди. Деярли барча даврларда қаҳрамонлар билан бир қаторда хоинлар албатта яшаган. Ачинарлиси, улар бегона эмас, қаҳрамонларнинг яқин қондош, жондош, тобуткашларидир.

Усмонийлар сулоласининг асл негизи, пойдевори ҳисобланмиш Эртўғрул бий даврида унинг амакиси, отаси Сулаймоншоҳнинг ягона укаси, жигари Курдўғли бий ўз исқирт ишларини хуфиёна тарзда амалга ошириб, акасини “Кайи” қабиласи етакчилигидан четлатиш, унинг ўрнига Эртуғрулнинг акаси Кунтуғмишни тахтга ўтқазиш ҳаракатида бўлган. Режаси бўйича, агар Кунтуғди қабила етакчисига айланса, барибир асосий рол Курдўғли зиммасида бўлиши лозим эди. Негаки, Кунтуғдининг феълини болалигидан яхши биларди. Бу алп кўнгилчан, анчагина қўрқоқ, оқимга қарши сузишни хуш кўрмайдиганлар хилидан эди. Лекин Курдўғли бу ҳаракатларни ёлғизликда амалга оширмади. У Кунтуғдининг рафиқаси, Сулаймоншоҳнинг асранди қизи Сейжан ёрдамида иш олиб борди. Сейжан ҳам Сулаймоншоҳга бир гап бўлса, тахтни Эртуғрул эгаллаб қўйишидан қўрқарди. Шу сабабли амакининг таклифларини бажонидил қабул қилиб, қўлидан келганча унга ёрдам қўлини чўзди…

“Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек, Курдўғли ифлос ишларини охирига етказа олмади. Улгурмади. Сезиб қолишди. Шубҳасиз, Эртуғрул ўзининг зийраклиги боис амакисининг чиркин ҳаракатларини ўз вақтида англаб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга маълум қилди. Сулаймоншоҳ дарҳол бийлар кенгашини чорлаб, масалани кўндаланг қўйди. Кенгаш иштирокчилари бир овоздан Курдўғли қатл этилиши лозимлигини талаб қилди. Қатлни барчанинг кўз ўнгида Эртуғрул ижро этди. Шундай қилиб, “Кайи” қабиласи ўта хавфли сотқиндан халос бўлди.

ҲАЛИМА

Бу аёлнинг номи тарих зарварақларининг тўридан ўрин эгаллаган. Чунки айнан Ҳалима Эртуғрулга бир умр ишончли ҳамроҳ, ҳаммаслаҳат, ҳамдард ва садоқатли ёр бўлиб қолди. Лекин бу аёл қаердан пайдо бўлганди?..

Маълумингизким, “Кайи” қабиласи умргузаронлик қилган ерлар, Яқин Шарқдаги кўплаб қабилалар Коньяни ўз пойтахтига айлантирган салжуқийлар султонлигига тегишли бўлган. Демак, қабилалар ҳам салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубодга итоат этган.

Кунларнинг бирида салжуқийлар султонлиги шаҳзодаларидан бири ўз қондошлари тарафидан таъқиб остига олинди. Ўша даврда ҳам салжуқийлар султонлигида тахт эгасининг қолган ака-укаларини қатл этиш доирасидаги қонун мавжуд эди. Яъни, гўёки давлат тинчлигини асраш мақсадида тахтга ўтирган султон ака-укаларини оммавий тарзда қатл этиши шарт эди. Ҳалиманинг отаси ҳали вояга етмаган ўғли Йигитали ва қизини ёнига олиб ишончли одамлар кўмагида қатлдан қочишга муяссар бўлди. Бахтга қарши йўлда улар “крестоносец”лар ҳужумига учрашди. Эслатиб ўтамиз, “крестоносец”лар европалик насронийлар рицарлари саналиб, мусулмонларга қарши шафқатсиз жанг олиб борган. Аста-секинлик билан бўлса-да, ўз ҳудудларини кенгайтириш ҳаракатида бўлган. Худди ўшалар шаҳзода ва фарзандларини қўлга олди. Улар салжуқийлар султонлигида шаҳзодаларга қарши ҳаракатлар бошланганидан жуда яхши хабардор эдилар. Шу сабабли шаҳзодани амалдаги султон Оловиддин Кайқубоднинг қўлига топшириб, эвазига катта пул ёки маълум ҳажмга эга ҳудудни ҳадя сифатида олишни мўлжаллашганди. Қаттиқ адашишибди. Эртуғрул ўша куни жанговар дўстлари Тургут, Бомси билан бирга ўрмонда ов қилаётганди. Шаҳзода ўтирган фойтун ва “крестоносец”ларни кўриб қолди. Шаҳзода ва фарзандлари асирда эканини дарров илғади. Уч ўғлон насронийларга ташланиб, тез фурсатда шаҳзода ва болаларини озод этишди. Эртуғрул шаҳзодани қабилага келтириб, бу ҳақда отаси Сулаймоншоҳга тушунтирди. “Кайи” қабиласи одати бўйича келган меҳмон уч кунга қадар эъзозда бўларди. Агар меҳмон ярадор бўлса, то тузалиб кетмагунча кетишга рухсат беришмасди. Бундан ташқари, меҳмон ким бўлишидан қатъи назар кимдир уни таъқиб этаётган бўлса, сотиш, таъқиб қилаётган кимсага меҳмонни топшириш тақиқланарди. Шаҳзода оғир яраланган экан. Уни қабила табиби даволай бошлади.

Орадан маълум вақт ўтгач эса Эртуғрул ва Ҳалима ўртасида муҳаббатга ўхшаш сирли, қайноқ туйғу пайдо бўлди.

Ажойиб кунларнинг бирида улар турмуш қуришди. Бахтга қарши кейинчалик Ҳалиманинг отаси ва укаси ёмонлар қўлида ҳалок бўлди.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 2-қисм)