date

Огоҳлантириш тизими: Ҳайдовчиларга янги имтиёзлар бериляпти

Огоҳлантириш тизими: Ҳайдовчиларга янги имтиёзлар бериляпти
Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларга жавобгарликни шаффофлаштириш мақсадида яна бир муҳим қадам ташланмоқда. Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “маъмурий огоҳлантириш” деб номланган янги жазо тури киритилмоқда.

Ушбу ўзгаришлар орқали биринчи марта йўл қоидаларини бузган фуқаролар жаримадан кўра оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш билан чекланиши мумкин бўлади. Бу янгилик айниқса ижтимоий хавфлилиги паст бўлган ҳолатларга тегишли. Масалан, хавфсизлик камарини тақмаслик, телефондан фойдаланиш, мажбурий суғуртани амалга оширмаслик каби ҳолатларда биринчи марта қоида бузилса — фақат огоҳлантириш берилади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, автоматлаштирилган фото ва видеокузатув воситалари орқали аниқланадиган 13 турдаги қоидабузарлик рўйхати ҳам аниқ белгиланди. Улар қуйидагилар:
– хавфсизлик камарини тақмаслик,
– рақамни ечиш ёки бошқа рақам тақиш,
– тротуарда юриш,
– телефондан фойдаланиш,
– тезликни ошириш,
– светофор қоидасини бузиш,
– авария ҳолати келтириб чиқариш,
– автобус учун ажратилган тасмада
– қувиб ўтиш қоидаларини бузиш,
– йўл безорилиги,
– гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда қатнашиш,
– темирйўлдан ўтиш қоидаларини бузиш,
– транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс бошқариши.

Энг муҳими, шундай ҳуқуқбузарликлар учун камера орқали қайд этилган ҳолатларда, агар қарор бир ой ичида чиқарилмаса, унга нисбатан жарима қўлланмайди. Бу эса адолатлилик ва аниқликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов таъкидлаганидек, “маъмурий огоҳлантириш” тизими орқали фуқароларга янада фаол ва масъулиятли муносабат шакллантирилади. Ҳозирча бу чора қуйидаги олтита турдаги ҳуқуқбузарликка нисбатан қўлланади ва келгусида бу рўйхат кенгайиши мумкин:

– транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, жумладан, камар тақмаганлик, техник кўрикдан ўтказмаганлик, тегишли жиҳозлар билан жиҳозламаганлик ҳолатлари;
– бошқариш вақтида телефондан фойдаланганлик;
– бошқариш вақтида монитордан фойдаланганлик;
– тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик;
– мажбурий суғурта қилиш талабларини бузганлик;
– пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун.

Янги қонун йўлдаги маданиятни ошириш, жазо эмас — огоҳлантириш асосида тарбиялашни мақсад қилганини кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Огоҳлантириш тизими: Ҳайдовчиларга янги имтиёзлар бериляпти