Уни 11 йил кутишди: Бутунлай янги Audi Q7 тақдим этилди

Audi компанияси расман учинчи авлоддаги Q7 кроссоверини намойиш этди. Автомобил ташқи ва ички кўринишдан бутунлай янгиланди — аввалги Audi Q7 моделидан деярли ҳеч қандай асар қолмади. Кроссовер катталаштирилган радиатор панжараси, баландроқ капот, кенгайтирилган ғилдирак аркалари ва икки даражали светодиодли оптикага эга бўлди. Янги интеллектуал фаралар асосий хусусиятлардан бири бўлиб, улар йўл юзасига огоҳлантиришларни проекциялаш, бурилиш сигналларини ерда акс эттириш ва эшиклар очилиши ҳақида бошқа ҳайдовчиларни огоҳлантириш қобилиятига эга. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Салон қисмида асбоблар панели ва мультимедиа тизимини бирлаштирган эгилган ОЛEД-дисплей ўрнатилган, олд йўловчи учун эса алоҳида экран ажратилган. Шунингдек, алоҳида секциялари шаффофлигини созлаш мумкин бўлган ва эгасининг созламаларини эслаб қолувчи панорамали том кўзда тутилган. Кўпгина мамлакатларда Audi Q7 базавий комплектацияданоқ уч қаторли ўриндиқлар билан таклиф этилади. Юкхона ҳажми салон конфигурациясига қараб 581 литрдан қарийб 2000 литргача етади.
Сотувлар бошида Буюк Британияда модел 295 от кучига эга, 3,0 литрли дизелли V6 двигатели ва "юmsҳоқ" гибрид тизими билан жиҳозланади. Бошқа бозорлар учун бензинли двигателлар кўзда тутилган. Кроссовер пневмоподвеска, тўлиқ бошқариладиган шасси, доимий тўлиқ узатма ва электрон бошқариладиган амортизаторларни олди. Подвеска навигация маълумотлари асосида йўл шароитларига, масалан, темир йўл кесишмалари ёки нотекисликларга олдиндан мослашишга қодир.
Audi хавфсизлик тизимларига алоҳида эътибор қаратди. Янги Q7 узунлиги 200 метргача бўлган бештагача тўхташ (парковка) маршрутини эслаб қолиши, мураккаб манёврларни мустақил бажариши ва ҳайдовчи иштирокисиз орқага ҳаракатланиши мумкин. Бундан ташқари, агар тизим ҳайдовчи огоҳлантиришларга жавоб бермаётганини аниқласа, автомобил мустақил равишда йўл четида тўхтаб, фавқулодда хизматларни чақира олади. Янги Audi Q7 сотувлари июль ойида бошланади ва у BMW X5 ҳамда Mercedes-Benz GLE билан рақобатлашади.





























Изоҳлар 0
…